“Фожиали январь”. Тўқаев намойишчиларни қийнамай, илтифот кўрсатишни буюрди
Олам
−
14 Январь 2022
8584Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари фаоллари ва адвокатлар Президент Қосим-Жомарт Тўқаевдан маҳбусларни қийноққа солмасликни, уларнинг турган жойини яқинларидан яширмасликни ва адвокатлар билан учрашишга имкон беришни сўрамоқда.
“Ҳурматли жаноб Президент! Фожиадан кейинги шу кунларда содир бўлаётган воқеалар Қозоғистон тараққиётининг янги босқичини белгилаб беради, бу ҳақда сиз 2022 йил 11 январда Қозоғистон Республикаси парламентида қилган асосий маърузангизда гапирдингиз.
Конституциявий тузум асосларига таҳдид солган жиноятларни тергов қилишда ички ишлар органлари, прокуратура ва судларнинг қонуний ҳаракатларигина жамиятнинг тўлиқ ишончини ва мамлакатимиз тараққиётидаги янги вазифалар атрофида бирлашишини таъминлайди”, деб бошланади мурожаат.
Инсон ҳуқуқлари фаоллари Президентдан давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарларига қуйидаги нормалардан четлаштирилмайдиган барча зарур чораларни кўриш юзасидан тегишли фармойишлар беришини сўрашган.
Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва адвокатлар сўраган фармойишларга қийноқ ва шафқатсиз муомаладан холи бўлиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш, озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга инсонпарварлик ва инсоннинг ажралмас қадр-қимматини ҳурмат қилган ҳолда мурожаат қилиш, қамоқда сақлашнинг сабаблари, жойи ва муддатлари тўғрисида шахсни ва унинг қариндошларини хабардор қилмасдан туриб, ўзбошимчалик билан қамоққа олиш ҳақидаги тақиққа амал қилиш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари бузилган тақдирда уларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳимоя қилиш, адолатли судловнинг асосий талабларига: айбсизлик презумпцияси, томонларнинг тенглиги ва малакали юридик ёрдамдан фойдаланиш имкониятига риоя қилиш кабилар кирган.
Ушбу мурожаат ортидан Қосим-Жомарт Тўқаев Бош прокуратурага “Фожиали январь” воқеалари чоғида қўлга олинганларнинг жазосини имкон қадар енгиллаштиришни топширган.
Тўқаевга кўра, “Фожиали январь” воқеалари иши ва фавқулодда вазият вақтида 2 мингга яқин одам ҳибсга олинган. Президент барча айбдорлар муносиб жазоланишини айтган. Агар оғирлаштирувчи ҳолатлар бўлмаса, жазо енгиллаштирилиши таъкидланган.
“Бош прокуратурага бошқа шахсларнинг айбдорлик даражасини аниқлашни топшираман. Оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлмаганда, жазони енгиллаштириш чоралари кўрилиши керак”, деган Президент.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 2 январь куни Қозоғистоннинг қатор шаҳарларида норозилик намойишлари бўлиб ўтди, улар бир неча кундан сўнг тартибсизликлар ва погромларга айланиб кетди. Улар билан бирга мамлакатнинг кўплаб шаҳарларида, биринчи навбатда, Олма-отада полиция, ҳарбий ва ҳокимият органларига ҳужумлар уюштирилди. Минглаб одамлар жароҳат олди, ўлганларнинг аниқ сони номаълум. Қозоғистон Президентининг мурожаатидан сўнг КХШТ давлатлари Республикага тинчликпарвар кучларини жўнатди. Расмийларга кўра, барча ҳудудларда конституциявий тузум тикланган.
LiveБарчаси