“Фожиа”. Афғонистонда зилзила қурбонлари 600 дан ошиб кетди
Олам
−
01 Сентябрь 7521 2 дақиқа
Кеча, 31 август куни Афғонистон шарқида, Покистон билан чегарадош ҳудудда 6,0 магнитудали кучли зилзила содир бўлди ва унинг ортидан 600 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, Кунар вилоятида 610 киши ҳалок бўлган, қўшни Нангарҳор вилоятида эса 12 киши вафот этган, жароҳатланганларнинг умумий сони 1 минг 550 кишидан ошган, улардан 1 минг 300 нафари Кунар вилоятидан.
Талафот юз берган ҳудудларга вертолётлар сафарбар этилган, чунки кўчкилар туфайли йўллар ёпилиб, қутқарувчилар бир қанча ҳудудларга кира олмаган. Жароҳатланганларни қутқариш ва олиб чиқиш ишлари давом этмоқда. Вайроналар остида қолиб кетганлар ҳам борлиги сабабли қурбонлар сони янада ошиши мумкин.
Ҳозирга қадар Нангарҳор аэропортидан Кунар вилоятига 35 та парвоз амалга оширилган ва 335 нафар жароҳатланган Нангарҳор минтақавий шифохонасига етказилган. Қолганларни ҳам кўчириш ишлари давом этмоқда.
Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, бу ҳодиса мамлакатни қамраб олган энг кучли зилзилалардан бири бўлган.
Тебраниш тунда 23:47 да юз берган. Орадан 20 дақиқа ўтиб, Нангарҳор вилоятида яна 4,5 магнитудали зилзила қайд этилган. Зилзила тунда содир бўлгани учун ҳам кўпчилик уйқуда бўлган ва вайроналар остида қолиб кетган.
Расмийларнинг сўзларига кўра, ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар ҳақидаги рақамлар ҳали якуний эмас, чунки кўплаб чекка ҳудудларда аҳоли билан алоқа ўрнатилмаган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маҳаллий ҳокимиятга қутқарув ва ёрдам ишларида кўмаклашаётганини иддао қилган.
“Афғонистоннинг шарқий қисмида юз берган ҳалокатли зилзила юзлаб инсонларнинг ҳаётига нуқта қўйди, яна кўплаб одамлар жароҳат олди. Бизнинг жамоаларимиз ҳудудда бўлиб, зудлик билан ёрдам ва кўплаб одамларни ҳаётларини сақлаб қолиш бўйича ишламоқда”, дейилади БМТнинг ижтимоий тармоқлардаги хабарида.
Маълумот учун, 2023 йил 7 октябрда Афғонистонда 6,3 магнитудали зилзила юз берган эди. Ўшанда ҳукумат маълумотига кўра, камида 4 минг киши ҳалок бўлган, БМТ эса 1,5 минг қурбонни қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу зилзиланинг қурбонлари 250 дан ортиқ киши эканлиги, қолаверса, 500 га яқин одам жароҳатлангани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси