Фойдали бойкот: канадаликлар АҚШ маҳсулотларидан кечиб, маҳаллий брендларни танламоқда

World

image

Канадада АҚШнинг савдо сиёсати ва Президент Дональд Трампнинг мамлакатга нисбатан муносабатига норозилик сифатида америкалик маҳсулот ва хизматларни бойкот қилиш кенгаймоқда. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Қайд этилишича, канадаликлар АҚШда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат, алкоголь, технология, автомобиллар ва бошқа маҳсулотларни сотиб олмасликка, шунингдек, АҚШга саёҳат қилмасликка ҳаракат қилмоқда. Айримлар Netflix, Amazon Prime, Apple TV ва Disney+ каби Америка стриминг хизматларидан, X, Facebook ва Instagram каби ижтимоий тармоқлардан ҳам воз кечган.

Бойкотга АҚШнинг Канада товарларига жорий этган тарифлари ва Трампнинг мамлакатни АҚШ таркибига қўшиб олиш ҳақидаги таҳдидлари сабаб бўлган. Жорий ҳафтада АҚШ Канададан импорт қилинадиган 20 миллиард долларлик товарларга 50 фоизлик бож жорий қилганди. Канада Бош вазири Марк Карни эса АҚШ чораларига “долларга доллар” тамойили асосида жавоб беришини маълум қилганди.

“The Guardian” маълумотига кўра, нашрнинг чақирувига Канада бўйлаб 3,5 мингдан ортиқ киши жавоб бериб, АҚШнинг сиёсий ва иқтисодий сиёсати сабаб ҳаёт тарзида қандай ўзгаришлар қилганини билдирган.

Кўплаб канадаликлар маҳаллий озиқ-овқат ва алкоголли ичимликларни танламоқда, АҚШга сафарларни бекор қилмоқда ҳамда Америка технологияларидан фойдаланишни тўхтатмоқда. Айримлар Tesla автомобилларидан воз кечган, америкалик вискиларни сотиб олишни тўхтатган.

Бироқ Онтарио провинциясида яшовчи дизель механиги Уильям Макдоналднинг айтишича, АҚШ маҳсулотларидан воз кечиш унинг харажатларини оширган. У АҚШ пивоси ўрнига Канада пивосини истеъмол қилаётгани сабаб йилига қўшимча 1 минг Канада долларига яқин маблағ сарфлаётганини, озиқ-овқат харажатлари эса ҳафтасига тахминан 50 долларга ошганини айтган.

Канадада АҚШ маҳсулотларини рад этиш ҳаракати “ABUS” – “Anything but US” (“АҚШдан бошқа ҳамма нарса”) ва “ABUSA” – “Anywhere but USA” (“АҚШдан бошқа исталган жой”) каби шиорлар билан ҳам тарқалган. “Elbows Up!” шиори ҳам оммалашган бўлиб, у хоккейда қаттиқ қаршилик кўрсатиш маъносини англатади.

Виннипег шаҳрида яшовчи Дениз АҚШга нисбатан салбий муносабат мамлакатда сиёсий қарашларидан қатъи назар кенг тарқалганини таъкидлаган. Унинг айтишича, айрим канадаликлар АҚШ авиакомпанияларидан фойдаланмаяпти, Америка аэропортларида ҳатто транзитдан ҳам қочмоқда ва инвестицияларини Канада компанияларига ўтказмоқда.

Июль ойида ўтказилган Angus Reid сўровига кўра, Канададаги озиқ-овқат харидорларининг 40 фоизи маҳсулот қаерда ишлаб чиқарилганини текшира бошлаган. Уларнинг аксарияти имкони бўлса, АҚШ маҳсулотларидан воз кечишга ҳаракат қилган.

Айрим канадаликлар бойкот туфайли АҚШ маҳсулотларининг маҳаллий муқобилларини излашга мажбур бўлмоқда. Хусусан, Нанаймо шаҳрида яшовчи 68 ёшли собиқ ўқитувчи Элизабет Лоренц қадоқланган озиқ-овқат маҳсулотларининг ёрлиқларини текшириб, АҚШда ишлаб чиқарилган товарларни сотиб олмаслигини айтган.

Галифаксда яшовчи IT соҳаси мутахассиси Жеймс Бьюкен эса Apple маҳсулотларининг барчасини сотганини маълум қилган. У бир йиллик MacBook, iPhone, AirTags ва AirPods қурилмаларидан воз кечиб, уларни бошқа муқобилларга алмаштирган.

Калгарилик 61 ёшли собиқ муҳандис Курт эса АҚШ вискиларини харид қилишни тўхтатган. Унинг сўзларига кўра, у ва виски ишқибозларидан иборат гуруҳ аввал ҳар йили Америка вискиларига тахминан 10 минг доллар сарфлаган, бойкот бошланганидан бери эса бу харажат нолга тушган.

Кўплаб канадаликлар АҚШ билан муносабатлар аввалги ҳолатига қайтишига ишонмаётганини билдирган. Айримлар Трамп маъмурияти алмашганидан кейин ҳам Америка маҳсулотларини сотиб олишга қайтмаслигини айтган.

Шу билан бирга, бойкот ҳаракати Канадада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий мустақилликка интилишни кучайтирмоқда. Айрим канадаликлар АҚШ билан муносабатлардаги инқироз мамлакатни бирлаштириб, ўз иқтисодиёти ва ички бозорига кўпроқ эътибор қаратишга ундаётганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Канада ҳам АҚШнинг янги божларига жавобан 700 га яқин турдаги Америка маҳсулотларига қўшимча бож жорий қилганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends