Фолбинлар Замбия Президентини жоду билан ўлдиришга уринди

Олам

image

Ўтган ҳафта Замбияда Президентнинг ҳаётига суиқасд қилмоқчи бўлган икки нафар эркак фолбин икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Полиция маълумотига кўра, 2024 йилнинг охирида 43 ёшли замбиялик Леонард Пхири ва 42 ёшли мозамбиклик Жастин Кандунгеде Замбия пойтахти Лусакадаги меҳмонхонада қўлга олинган. Меҳмонхона ходимаси ғалати товушларни эшитиб, полицияга хабар бергач, улар яшаган хонадан турли сеҳр-жоду буюмлари, жумладан, тирик буқаламун, номаълум ҳайвоннинг дум қисми, 12 шиша дори ва шу кабилар топилган. Уларни фолбинлар гўёки Замбия Президенти Ҳакаинде Ҳичилемани “афсунлаб”, кейинчалик ўлдириш учун ишлатмоқчи бўлган.

Президентни ўлдиришни уларга маҳаллий обрўли сиёсатчи Эммануэль Банданинг укаси Нельсон Банда буюртма қилган ва фолбинларга 2 миллион замбия квачаси (73 минг доллар) тўлаган. Айбланувчилар ўз айбини тан олган.

Маълумот учун, мамлакатда 1914 йилдан бери амал қилиб келаётган сеҳр-жодуни тақиқловчи қонунга кўра, ўзини сеҳрли ёки ғайритабиий қобилиятларга эга деб кўрсатиш, одамларни қўрқитиш ёки уларга зарар етказишга уриниш — фолбинлик фаолияти деб ҳисобланади. Бу жиноят учун бериладиган энг кескин жазо – уч йилгача озодликдан маҳрум этиш.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гаити пойтахти Порт-о-Пренсдаги жиноий гуруҳ аъзолари 110 кишини афсунгарликда айблаб, ўлдиргани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Замбия Нельсон Банда Ҳакаинде Ҳичилема

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг