Фицо газ транзити туфайли украиналикларга ёрдамни тўхтатиш билан таҳдид қилди
Олам
−
03 Январь
9067Словакия Бош вазири Роберт Фицо Россия газининг Украина орқали транзитини тўхтатишни Владимир Зеленский томонидан уюштирилган “саботаж” деб атади ва украиналик қочқинларга ёрдамни камайтириш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook саҳифасида ёзди.
Ушбу таҳдидга Киевнинг “Газпром” билан Россия газини Украина орқали етказиб бериш бўйича келишувни узайтирмагани сабаб қилиб кўрсатилган.
“Мен SMER социал-демократик партиям коалицияда электр энергиясини етказиб беришни тўхтатиш ва Словакияда Украина фуқароларини қўллаб-қувватлашни сезиларли даражада қисқартириш бўйича муҳокама қилиш ва келишиб олишга тайёрлигини эълон қиламан”, деган Фицо.
У Украина орқали газ транзитини тўхтатишни Владимир Зеленский томонидан қилинган “саботаж” деб атади.
“Украина Президенти Зеленский Словакия Республикасининг давлат молиясига “саботаж” қила бошлади ва эндиликда бутун Словакия суверен давлат эканини кўрсатиши керак”, деб ёзди Фицо.
Зеленский Россия газининг Украина орқали транзитини тўхтатиш Владимир Путиннинг энг катта мағлубиятларидан бири эканини айтди. Украина Президенти “шаффоф энергетика сиёсати ўрнига Москва билан мафия схемаларини афзал кўраётган баъзи европалик сиёсатчиларнинг истерияларига дош беришга” чақирган.
22 декабрь куни транзит тўхташ арафасида Фицо Кремлга ташриф буюрди ва Владимир Путин билан газ транзитини тўхтатиш масаласини муҳокама қилди. Бу сиёсатчиларнинг саккиз йил ичида биринчи шахсий музокаралари эди.
Кеча, 2 январь куни эса Европадаги кимошди савдосида газ нархи бир мегаватт/соат учун 50,3 еврога етди (1000 куб метр учун тахминан 526 евро). Нархнинг ушбу ошиши 2023 йилнинг октябрь ойидан бери кўк ёқилғи нархининг энг юқори даражасидир. “Bloomberg” газ нархининг ошишини учта омил комбинацияси билан изоҳлаган эди. Улардан бири айнан Россиянинг “Газпром” компанияси Украина орқали Европага газ транзитини тўхтатиши эди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 1 январь кунидан эътиборан “Газпром” Украина орқали газ етказиб беришни тўхтатди. Компания 2019 йил 30 декабрда “Газпром” ва Украинанинг “Нафтогаз” компанияси ўртасида Россия газини ташишни ташкил этиш бўйича имзоланган шартнома ва икки мамлакат GТS операторлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг амал қилиш муддати тугаганини эслатди. Украина Энергетика вазирлигига кўра, Россия газининг Украина орқали транзити “миллий хавфсизлик манфаатлари учун” тўхтатилган. “Reuters” хабарига кўра, Украина транзитини тўхтатиш Молдовага энг оғир таъсир қилади. Словакия, Чехия ва Австрия каби Россия газининг бошқа харидорлари муқобил етказиб бериш йўлларини ўрнатган. Венгрия Россия газини Турк оқими газ қувури орқали олишда давом этади.
LiveБарчаси
06 Январь