Финляндия ва Швециянинг НАТОга кириши Россияга таҳдидми? Сўз Эрдўғаннинг одамига

Олам

image

Туркия жорий йилнинг июнь ойи бошида Финляндия ва Швеция билан уч томонлама учрашув ташкил этишни режалаштирмоқда. Унда Стокгольмнинг НАТОга кириш истиқболларини муҳокама қилади. Бу ҳақда кеча, 5 апрель куни Туркия Президентининг расмий вакили Иброҳим Калинга таяниб, “Anadolu” агентлиги хабар берди.

“Швеция ҳали ўз мажбуриятларини тўлиқ бажармаган. Ўтган ҳафта Швеция делегацияси Анқарада бўлди, биз бу масалаларни муҳокама қилдик. Парламентимиз Финляндиянинг НАТОга аризасини маъқуллаганидан сўнг, июнь ойининг биринчи ёки иккинчи ҳафтасида уч томонлама механизм йиғилишини ўтказишга келишиб олдик. Нега июнь ойида? Чунки 1 июнь куни Швецияда янги антитеррор қонунчилиги кучга киради”, деган Калин. 

Унинг тушунтиришича, янги қонун Стокгольмга НАТОга қўшилиш бўйича меморандум бўйича ўз мажбуриятларини бажаришни осонлаштиради.

“Улар нима қилишлари, қандай қадамлар қўйишлари ва қанчалик тез ҳаракат қилишлари фақат ўзларига боғлиқ. Бу терроризмга қарши Швеция қабул қилган энг қаттиқ ва қатъий қонун. Унда террор ташкилотларига қарши курашнинг ҳуқуқий асослари аниқроқ бўлади”, деган Эрдўғаннинг расмий вакили. 

Россиянинг Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишини қандай қилиб таҳдид сифатида кўриши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берган Калин, бу томондан Россияга нисбатан ҳеч қандай кескинлик кутмаслигини айтган. 

“Россия учун асосий нуқта Украинанинг НАТОга қўшилмаслигидир. Финляндия ва Швеция Европа Иттифоқи давлатлари, Европа географияси, тарихи ва маданияти. Умуман олганда, Россия бу вазиятни қабул қилади. Биз Финляндия томонидан эҳтимолий хавфлар ҳақида сўрадик. Улар ҳозир чегаранинг Россия томонидан ҳеч қандай хавф ёки ҳаракатни кўрмаяпмиз, деб жавоб беришди. Умид қиламанки, Россия Федерацияси НАТОнинг бошқа аъзолари билан ҳамкорлик қилганидек, бу давлатлар билан ҳам муносабатларни қуради”, дейди Эрдўғаннинг вакили.

Маълумот учун, Швеция ва Финляндия 2022 йилнинг май ойида Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш учун ариза берган, бироқ Туркия PKK ва PYD террорчи деб эълон қилишни ҳамда 2016 йилда террорчилик ёки давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни экстрадиция қилишни талаб қилиб, қўшилиш жараёнини блоклаган. 2022 йилги НАТО саммити олдидан ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун Туркия, Финляндия ва Швеция ўртасида икки шимолий давлат қилиши керак бўлган аниқ қадамлар рўйхатини ўз ичига олган меморандум имзоланган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 март куни Туркия парламенти Финляндиянинг НАТОга кириши ҳақидаги протоколни ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллаганди. 4 апрель куни эса Финляндия иттифоқнинг 31-аъзоси сифатида блокга расман қабул қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия Швеция Эрдўған Финляндия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг