Финляндия ва Швеция КИПни террор ташкилоти сифатида тан олади – НАТО
Олам
−
16 Июнь 2022
13419Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун Туркиянинг талабини қондирган ҳолда, Курдистон ишчилар партиясини террор ташкилоти деб тан олди ва юзага келган муаммоларни бартараф этиш учун Анқара билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Бу ҳақда Йенс Столтенберг НАТО мудофаа вазирларининг Брюсселдаги икки кунлик йиғилиши арафасида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзмоқда "Анадолу".
Столтенберг Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ташаббусини "тарихий қарор" деб атади ва Туркия бир қатор аниқ мавзуларда ўз хавотирини билдирганини эслатди.
“Туркиянинг ташвиши, айниқса, терроризмга қарши кураш билан боғлиқ. Туркиянинг КИП террор ташкилоти билан боғлиқ хавотирлари тўлиқ қонунийдир. КИП барча НАТО иттифоқчилари, Европа Иттифоқи, шунингдек, Финляндия ва Швеция томонидан террорчи ташкилот деб топилган. Биз Туркиянинг хавотирларини муҳокама қилишимиз керак ва биз ҳозир шундай қиляпмиз. Финляндия ва Швециядан Туркиянинг хавотирларини бартараф этиш учун Туркия билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликлари ҳақидаги сигнал ва хабарларни ҳам мамнуният билан қабул қиламан”, дейди Бош котиб.
Столтенберг бу масала тез орада ҳал бўлишига умид қилмоқда. "Бироқ, бу қачон содир бўлишини олдиндан айтиш қийин", деб тан олди.
Столтенберг 29-30 июнь кунлари Мадридда бўлиб ўтадиган НАТО саммитигача бу масалани ҳал қилиш мумкинлигига умид билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Туркия раҳбари жорий йилнинг 18 май куни Анқара Швеция ва Финляндиянинг террорчи ташкилотларга, хусусан Туркия террорчи гуруҳ деб ҳисоблаган Курдистон Ишчилар партиясига муносабатини аниқламагунча НАТОга қабул қилинишини қўллаб-қувватламаслигини айтганди.
У 16 май куни ҳам худди шундай баёнот билан чиқиб, Финляндия ва Швециянинг ушбу давлатлар Курдистон Ишчилар партияси фаолиятига алоқадор шахсларни Туркияга экстрадиция қилишдан бош тортгани муносабати билан НАТОга киришига қарши эканлигини маълум қилганди. Бироқ 21 май куни Эрдўған агар Стокгольм ва Хельсинки хавфсизлик муаммолари юзасидан Анқара билан аниқ бирдамлик билдирса, Туркия Швеция ва Финляндиянинг ташкилотга киришини қўллаб-қувватлашини қўшимча қилганди.
Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари
Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди.
Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.
Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.
11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.
13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди.
15 май куни Финляндия ҳам, Швеция ҳам НАТОга аъзо бўлишга қарор қилганини билдирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь