Финляндия Швециясиз НАТОга кирмайди – Ниинистё

Олам 8490
image

Финляндия Швециясиз НАТОга кирмайди. Бу ҳақда Финляндия Президенти Саули Ниинистё Финляндияда бўлиб турган НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтди. 13 июнь куни Столтенберг Швецияга ташриф буюради.

“Мен айтяпман, швед иши – бизники. Бу биз қўл қўлга бериб, олға боришимизни англатади”, дейди Ниинистё.

Столтенберг матбуот анжуманида иттифоқчилар Хельсинки ва Стокгольмдан келган аризаларни кўриб чиқишда барча томонлар, жумладан Анқаранинг хавотирларини инобатга олишларини таъкидлаган.

“Шунинг учун мен сиз, Саули ва сизнинг ҳамкасбларингиз, Швеция ва иттифоқдошимиз Туркия билан бу масалада яқин алоқадаман. Менинг ходимларим, шунингдек, Туркиянинг қонуний муаммоларини ҳал қилиш ва иттифоқимизга киришингиз учун олдинга силжиш учун ҳар уч давлат расмийлари билан яқиндан мулоқот қилмоқда”, дейди у Финляндия раҳбарига.

Эслатиб ўтамиз, кеча 25 май куни Анқарада Туркия, Швеция ва Финляндия ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг, Туркия Президенти матбуот котиби Ибрахим Калин Туркия Анқара хавфсизликка оид чоралар кўрилмаса, Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш ташаббуси олдинга силжимаслигини очиқ айтди.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилиши

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. Хусусан, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўриши айтилди.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала давлатга ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.

18 май куни Финляндия ва Швеция расман НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Эрдўған эса Туркия ушбу икки давлатнинг НАТОга киришига йўл қўйиб, Греция билан йўл қўйган хатосини такрорламаслигини айтди.

29 майга келиб Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Швеция ва Финляндия делегациялари билан ушбу мамлакатларнинг НАТОга аъзо бўлиш масаласи бўйича музокаралар натижаларидан норози эканини билдирди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 53
Рейтинг: 3
t
×