Финляндия НАТО масаласида бир қарорга келди

Олам

image

Финляндия НАТОга аъзо бўлиш учун ариза бериш ҳақида расмий қарор қабул қилди. Жорий йилнинг 17 май куни Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш масаласи бўйича парламентда овоз бериш бўлиб ўтиши кутилмоқда.  

“Бугун Президент ва ҳукуматнинг ташқи сиёсат ва мудофаа қўмитаси НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беришга қарор қилди”, деган Финляндия Президенти Саули Ниинистё. 

Ниинистёнинг аниқлик киритишича, Украинадаги воқеалар уни шундай қарорга келишига ундаган. 

У, шунингдек, Финляндия жамиятида НАТОга қўшилиш қўллаб-қувватланаётганини таъкидлаб, Финляндия учун альянсга қўшилиш ҳақидаги расмий эълон “янги давр”нинг очилиши бўлишини қўшимча қилган.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.

“Финляндиянинг НАТОга қўшилиши Шимолий Европа минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга ҳамда Россия-Финляндия икки томонлама муносабатларига жиддий зарар етказади. Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлади”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.

Бундан ташқари, Швециянинг ҳукмрон Социал-демократик партияси раҳбарияти 15 май куни Альянсга қўшилиш бўйича ўз позициясини эълон қилади. ОАВ хабарларига кўра, мамлакат келаси ҳафта НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беради.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Финляндия

Баҳолаганлар

442

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг