FIFА “Машъал”га тақиқ қўйди

Спорт 6247
image

Қашқадарёнинг “Машъал” клубига FIFА томонидан трансферлар учун чеклов ўрнатилди. Бу ҳақда ЎзПФЛ матбуот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг 11 апрель куни FIFА Низоларни ҳал этиш палатаси Муборакнинг “Машъал” футбол клуби ва унинг нигериялик собиқ футболчиси Ифеанйи Ифеанйи ўртасидаги низоли вазият юзасидан қарор чиқарган эди. 

Қарорга кўра, “Машъал” футбол клубига Ифеанйи олдидаги қарздорлик ва жарима тўловларини 45 кун мобайнида тўлаш мажбурияти юклатилган. Агар мазкур мажбуриятлар клуб томонидан ўз вақтида бажарилиши таъминланмаса, клубга нисбатан миллий ва халқаро миқёсда янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш бўйича тақиқ қўйилиши ҳақида огоҳлантириш берилган эди.

Бироқ клуб бу борада хабардор этилган бўлса-да, ушбу низоли вазиятни ҳамон ҳал этмаган. Шу муносабат билан, FIFА бугун, 10 августдан эътиборан “Машъал” футбол клубига нисбатан трансфер тақиқи жорий этди.

Маълумот учун, Про лиганинг ортда қолган 14 та туридан сўнг, 27 очко тўплаган муборакликлар мусобақа жадвалининг 3-ўринидан жой олган.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 271
Рейтинг: 3
t
×