Фидель Кастронинг синглиси вафот этди

Олам

image

Кубанинг собиқ етакчилари Фидель ва Рауль Кастронинг синглиси Хуанита Кастро 90 ёшида АҚШнинг Майами шаҳрида вафот этди. Бу ҳақда унга яқин журналист, унинг таржимаи ҳоли ҳаммуаллифи Мария Антониета Коллинз Instagram саҳифасида маълум қилди.

"Бугун ўзи севган Куба учун тинимсиз курашган ўзига хос аёл Хуанита Кастро оламдан ўтди", деб ёзган Мария Антониета Коллинз.

Хуанита Кастро 60-йилларнинг ўрталаридан бошлаб Қўшма Штатларда яшаб, у ерда акаларини ағдариш ва Куба режимини ўзгартиришга ҳаракат қилган. Хуанита Кастро 1959 йилги инқилобдан кейин акалари билан келишолмай қолган ва 1964 йилда, онаси вафотидан бир йил ўтиб, Кубани тарк этган. У Майамига жойлашди ва у ерда 2007 йилгача оддий дорихонани бошқарган.

Хуанита Кастро Куба режимининг мухолифларига фаол ёрдам берган ва ҳатто Марказий разведка бошқармаси билан ҳамкорлик қилган.

Хуанитанинг хотираларида айтилишича, унинг демократик тамойилларга хиёнат қилган, шунингдек, сиёсий рақибларини ўлдирган акаларидан кўнгли қолган.

Хуанита Кастро "Фидель ва Рауль, менинг биродарларим, махфий тарих" деб номланган хотираларида Фиделни ҳокимиятга олиб келган 1959 йил инқилобидан икки йил ўтиб Гаванада Марказий разведка бошқармаси томонидан ёлланганини таъкидлайди.

“Донна” код номи остида у Куба ҳукуматини ағдариш мақсадида уч йил давомида Қўшма Штатлар учун махфий маълумотларни тўплаган.

Хуанита Кастро ўз хотираларида Қўшма Штатлардаги муҳожирлар жамиятида ўз ўрнини топиш ва иккита роль - Фидель ва Раулнинг синглисини ва қувғиндаги режим рақибини бирлаштириш осон бўлмаганини ёзган.

“Шубҳасиз, менга бошқаларга нисбатан қийинроқ бўлди. Менинг ҳаётимдаги парадоксни кам одам тушунади. Кубада бўлганлар учун мен қочқинман, чунки мен кетганман ва ҳозирги режимни қоралаганман. Ва Майамидаги кўпчилик учун мен "персона нон грата"ман, чунки мен Фидель ва Раулнинг синглисиман”, деб ёзади у. 

Унинг катта акаси Фидель 2016 йилда Гаванада 90 ёшида вафот этган. Хуанита дафн маросимига бормаган. Рауль Кастро эса ҳозир 92 ёшда ва Кубада яшашда давом этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Куба Хуанита Кастро

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг