FIDE Жаҳон Кубоги: Ўзбекистоннинг 5 нафар шахматчиси кейинги босқичда

Спорт 831
image

Шахмат бўйича FIDE жаҳон кубогининг дастлабки босқичидан сўнг Ўзбекистон терма жамоасининг 5 нафар аъзоси кейинги босқичга йўл олди. Бу ҳақда Ўзбекистон шахмат федерацияси маълум қилди.

Жаҳонгир Воҳидов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Жавоҳир Синдоров ва Нодирбек Абдусатторов икки ўйин натижасига кўра ўз рақибларидан устун келди. Уларнинг рақиблари аллақачон аниқ бўлиб улгурган.

Жаҳонгир Воҳидов (Ўзбекистон) — Перез Домингез (АҚШ); 
Нодирбек Ёқуббоев (Ўзбекистон) — Давид Наварра (Чехия);
Шамсиддин Воҳидов (Ўзбекистон) — Сергей Карякин (Россия);
Жавоҳир Синдоров (Ўзбекистон) — Алиризо Фирузжа (Франция);
Нодирбек Абдусатторов (Ўзбекистон) — Аравинд Читамбарам (Ҳиндистон).

Аёллар ўртасидаги беллашувларда иштирок этаётган Нилуфар Ёқуббоева ҳамда Умида Омонова ўз юришини анча эрта якунлади. Ёқуббоева иккинчи партияда перулик Дейси Кори Телиога, Омонова эса рейтинги анча юқори бўлган Мўғулистон терма жамоаси аъзоси Батхи Монгонтуулга имкониятни бой берди.

Аввалроқ бир нечта ўзбек шахматчи қизлари Ўзбекистон шахмат федерациясини маълум сабабларга кўра тарк этган эдилар. Бугунги кунга келиб, Гулруҳбегим Тоҳиржонова АҚШнинг Миссури университети жамоасида дона суради ва халқаро мусобақаларда АҚШ номидан иштирок этади. Жорий мусобақадаТоҳиржонова аргентиналик 36 ёшли Каролина Луанни мағлубиятга учратиб,1/32 финалда россиялик 23 ёшли шахматчи Александра Горячкинага қарши дона сурадиган бўлди.

FIDE (Халқаро Шахмат Федерацияси) Жаҳон кубоги баҳслари жорий йилнинг 11 июлидан 8 август кунига қадар Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилмоқда. Соврин жамғармаси 2 000 000 доллардан зиёд бўлган мусобақада дунёнинг энг кучли 206 нафар эркак, 103 нафар аёл шахматчилар иштирок этмоқда.

Мусобақа қандай натижа билан якунланишидан қатъи назар, амалдаги Жаҳон чемпиони Магнус Карлсендан ташқари мусобақанинг энг яхши икки иштирокчиси 2022 йилги номзодлар турнирига йўл олади. Қолган саккиз нафар шахматчи эса, FIDE гран-присига йўлланмани қўлга киритади.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 10
Рейтинг: 3
t
×