Февраль ойида қиш қишлигини қиладими?
Интервью
−
24 Январь 2022
34648Ўзбекистоннинг қиш фаслининг учинчи ойи февралда ҳам деярли қор ёғмайди. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази директори ўринбосари Ибратжон Каримов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
“Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология маркази Ўзбекистоннинг ҳар ҳафталик об-ҳаво маълумотларини тақдим этиб боради. Жумладан, январь ойининг охирги ҳафтасида кузатиладиган об-ҳаво маълумотларини ҳам бердик. Ҳафта қуруқ ва ёғингарчиликларсиз келади. Бироқ, дам олиш, яъни шанба ва якшанба кунлари Ўрта ер денгизи томонидан нам ҳаво кириб келиши натижасида ёғингарчилик бўлишини кутяпмиз”, деди Каримов.
Шунингдек, Ибратжон Каримов қиш фаслининг сўнгги ойида кузатиладиган об-ҳаво маълумотлари ҳақида маълумот бериб ўтди.
“Февраль ойида кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берсам, Бутунжаҳон метеорологик ташкилотининг таклифларига кўра, бутун дунёдаги гидрометеорология хизматлари узоғи бир ҳафталик об-ҳаво маълумотларини “прогноз” қилишади. Лекин биз февраль ойининг об-ҳаво маълумотларини ўрганиб чиқдик. Кўпчилик қор ва ёмғирни кутади. Лекин февраль ойида бироз хафагарчиликлар бўлиши мумкин. Сабаби биз февраль ойида ҳам қуруқ ҳаво кутяпмиз. Яъни февраль ойининг биринчи декадаси қуруқ келиши кутилмоқда. Албатта, бу “прогноз”, аниқ эмас. Февраль ойининг иккинчи декадасидан бироз қор ва ёмғир ёғиши кутилмоқда. Биз аниқ маълумотларни февраль ойининг бошидан бериб борамиз. Ҳаммаси харитада кўриб турганингиздек, юртимизга кириб келаётган оқимларга боғлиқ. Оқим йўналиши бизнинг юртдан ўтадиган бўлса, ёғингарчиликлар бўлади. Агар юртимиз чегараларидан четлаб ўтса, қуруқ ҳаво кузатилади. Тахминимизга кўра, февралнинг биринчи декадаси қуруқ келади”, дейди Гидрометеорология хизмат маркази директори ўринбосари.