Янгийўлда 4 яшар қиз зўрландими?
Таҳлил
−
03 Октябрь
9311Болажон деб аталадиган юртда содир бўлаётган воқеалар, бўлганда ҳам даҳшатли воқеаларни эшитиб одам кўчада юришга ҳам қўрқади. Бундай қараганда ҳар ерда ички ишлар ходимлари ёки миллий гвардиячиларга кўзингиз тушади. “Ҳамма ёқ камералаштириляпти” дейилади-ку, жиноятларнинг кети узилмайди, қурбонлар сони ортгандан ортади. Кунда-кунора Ўзбекистонда, ўзбек қора кўзи иккинчи юртдошига зўрлик қилаётгани, айниқса умрининг ярмини яшаб бўлган, оддий қилиб айтганда кап-катта эркаклар норасида қизларни зўрлагани одамни даҳшатга солади. Бундай ҳолатларнинг қанчаси очиқланади, қанчаси ёпиқлигича қолади, буниси алоҳида мавзу, албатта. Ижтимоий тармоқларда Янгийўлда 3 ёшли қизалоқ катта ёшли эркак томонидан зўрлангани, маҳаллий аҳоли уни ушлаганда эркакнинг ёнидан гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу гапларга аниқлик киритган Тошкент вилояти ИИББга кўра, 2 октябрь куни Янгийўл шаҳрида яшовчи фуқаро шаҳар ИИБ бошлиғи номига мурожаат қилиб, вояга етмаган 2020 йилда туғилган 4 ёшли қизига нисбатан номаълум шахс ғайритабиий усулда зўрлик ишлатгани ҳақида маълум қилган ва унга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.
Ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида 1983 йилда туғилган 41 ёшли эркак гумонланувчи тариқасида ушланган. Шунингдек, ўрганишлар жараёнида гумонланувчининг ёнида 15 грамм гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, унинг Янгийўл тумани ҳудудида жойлашган яшаш хонадони холислар иштирокида текширилганида, хонадон ошхонасидан 20 дан ортиқ елим идишларда, майдаланган ва қуруқ ҳолдаги “марихуана” гиёҳвандлик моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда ҳужжатлаштирилиб олинган. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми ва 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро процессуал тартибда ушланган.
Ҳолатга биринчилардан бўлиб муносабат берган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ҳолатни тўлиқ назоратга олганини айтиб, марказ томонидан ушбу оилага психологик хизмат кўрсатилаётганини билдирган. Шунингдек, жабрланувчига суд тиббий экспертиза тайинланганини маълум қилган.
Болалар омбудсмани ҳам ҳолат назоратга олинганини билдириб, гумонланувчи шахс 2021 йилдан буён руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатда турганини маълум қилган.
“Аниқланишича, айбланувчи шахс 2021 йилдан буён руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатда туради. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Болалар омбудсмани ўз ваколатлари доирасида мазкур иш юзасидан кузатувини давом эттиради. Бу борада қўшимча ахборот берилади”, дейилади Болалар омбудсмани баёнотида.
Албатта, бу ҳолатда 41 ёшли эркак бу қизга ҳақиқатдан тегажоғлик қилгани ёки номусига теккани ҳолати ўз тасдиғини топмаган. Ҳозирда олиб борилаётган тергов ҳаракатлари ва жабрланувчига нисбатан тайинланган экспертиза натижаси ҳолатга ойдинлик киритади. Лекин шу вақтгача вояга етмаганларга нисбатан зўрлик бўлгани ҳақида тарқалган хабарларнинг кўпи ўз исботини топди.
Улар орасидаги энг даҳшатлиси эса 2023 йилда Хоразмда бўлган ҳолат. Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси бўлган 3 нафар қизни 10 ой давомида вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Анвар Қурёзов томонидан зўрлаб келингани ҳақидагиси. Ўшанда жамоатчилик оёққа турди, педофилларга ўқилган суд ҳукмидан кўпчилик норози бўлди. Матбуот анжуманларида бу ҳақида гапирилди.
Охир-оқибат суд ҳукми билан бири 3, бири 2 йилга қамалган амалдорлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганлик учун уларга нисбатан жазони манзил-колонияларда ўталиши назарда тутилгани айтилди. Бу каби ҳолатларни санасангиз вақт етмайди. Набираси тенги келадиган қизга зўрлик ишлатган отахон, тузини еб юрган уйидаги гўдакни зўрлаб ташлаб кетган эркак. Эҳ, гапирсангиз юрагингиз орқага тортади.
Афсуски, Ўзбекистонда болаларга нисбатан жиноятлар камаяётгани йўқ. Олий суд томонидан 2023 йил июль ойида берилган маълумотларни эслайдиган бўлсак, 2023 йилнинг ўтган олти ойи давомида Ўзбекистонда вояга етмаган болаларга нисбатан содир этган жинсий зўравонлик жинояти учун 257 нафар шахс жавобгарликка тортилган.
15 нафар шахс 14 ёшга етмаган шахснинг номусига теккани, яъни зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилгани учун (Жиноят кодекси 118-моддаси 4-қисми);
44 нафар шахс 14 ёшга етмаган шахс билан жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиргани учун (Жиноят кодекси 119-моддаси 4-қисми) (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондириш);
163 нафар шахс 16 ёшга етмаган шахснинг номусига теккани учун (Жиноят кодекси 128-модда) (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш); 35 нафар шахс 16 ёшга етмаган шахс билан жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондиргани учун (Жиноят кодекси 129-модда) суд қилинган.
Статистикага кўра, 2022 йилга келиб болаларга нисбатан жинсий эксплуатация ва зўравонликнинг олдини олиш халқаро индексида Ўзбекистон олдинги йилга нисбатан 7 поғонага пастлаган, яъни 59 давлат ичидан 58-ўриндан жой олган. Афсуски, болажон юртда болаларга нисбатан содир этилаётган жиноятлар сони ортмоқда, педофиллар кўпаймоқда!
LiveБарчаси