Фермерлар кенгаши юристи: “Президентнинг гапидан сўнг, айрим ҳокимлар ҳаволаниб кетди”

Интервью 6417

Ўзбекистонда фермерлар манфаатларининг қонуний ҳимояси етарлича таъминланяптими? Бунда қандай камчиликлар мавжуд? Қишлоқ хўжалигидаги ҳуқуқий камчиликлар нималардан иборат? Ушбу масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров билан суҳбат олиб бордик. 

“Андижондаги уч фермер”

— Кўп йиллик ҳуқуқшунос сифатида ҳозирги даврда юз бераётган  тенденцияларга қандай баҳо берасиз? Фермерларнинг кўп даъволари туман, апелляция инстанциялари даражасида эътиборга олинмаётгани, фақатгина Олий суддагина бу даъволар қаноатлантирилаётганига қандай баҳо бериш мумкин?

—  Масала Олий судга етиб келгунига қадар айрим судларга – туман маъмурий судларига, иқтисодий судларга босим ўтказилиши билан адолатсиз қарор қабул қилиниши ҳоллари учрамоқда. Буларга шахсан ўзим ҳам гувоҳ бўлиб турибман. Амалиётда кўриб ҳам турибмиз. Масалан, Андижон вилояти, Андижон туманидаги 3та фермер хўжалигини – “Шерзодбек олтин далалари”, “Абдуқаҳҳор ворислари”, “Жўрабек” фермер хўжаликлари ер ижара шартномаларини туман ҳокимлари томонидан ноқонуний равишда бекор қилинган. Буни вилоят фермерлар кенгаши томонидан ҳақиқий эмас дея даъво ариза киритилган. Бу очиқдан-очиқ туман ҳокими қилган ишлари рўй-рост исботлаб берилган. Лекин туман маъмурий суди кўра-била туриб туман ҳокимига ён бериб шикоят аризасини рад қилган. Апелляция судига ҳам босимлар бўлган. Уч фермер иши Олий судга келиб адолатли қарор чиқарилган. 

Шу ўринда савол туғилади: Олий суддаги адолатли қарорни туман маъмурий судлари ҳам қабул қилиши мумкин эди-ку. Нимага қабул қила олмаяпти? Чунки туман ҳокимлари босими бор. Ҳаттоки, апелляция судларида ҳам туман ҳокимларининг илтимосларини инобатга оляпти. Судьялар бу босимлар таъсирида адолатсиз қарорлар қабул қиляпти. 

— Тажрибамиздан маълумки, ҳаттоки суд қарори бўлса ҳам, фермерни ҳуқуқини тиклаш бўйича қарорлар ижро этилмаган ҳоллар мавжуд. Қонунлар ижросини таъминлайдиган прокурорлар ҳокимларнинг қўл остидаги ходимларга ўхшаб қолмоқда. Улар қонунийликни таъминлайдиган шахс аслида. Бу масалага нима дейсиз?

— Тўғри айтдингиз. Қачондир менга ўхшаган одам жамоатчилик номидан адолатли гап гапириши керак. Прокуратура органида тизим ўз жойида турибди. Тизим яхши, адолатли ташкил қилинган. Лекин тизимнинг ичида камчиликлар жуда кўп. 

Мухтарам Президентимиз томонидан “туман ҳокимларига ким тегинса, ўзим шахсан жавобгарликка тортдираман”, деган гапларидан айрим ҳокимлар ҳаволаниб кетди. Ҳокимларнинг айримлари бу ваколатни ўта суистеъмол қилиб юборди. Прокурорни ҳам худди ўзининг югурдагидек кўриб, ўзининг олдига чақириб олиш ҳоллари кўпайиб кетди. Бундай бўлмайди. Аслида, туман прокурори қонунчиликнинг аниқ ва бир хилда бажарилишини назорат қилади. Айрим ҳокимлар ўзларига чексиз ваколатлар олиб юборди. Лекин уларга бу ваколатлар қонун билан белгилаб берилган эмас. 

Прокурорни далага чақириб олиш, истаганидек танқид қилиш ёки кўпчилик олдида уялтириш мумкин эмас. Ижтимоий тармоқлардан эшитиб турамиз. Баъзи ҳокимлар прокурор, жойлардаги Ички ишлар бошлиғи, ҳатто, судьяга ҳам босим ўтказишини ҳам кўриш мумкин. “Ойни этак билан ёпиб бўлмайди”. 

Президентимиз “ҳокимларга тегинганларни жавобгарликка торттираман”, деганда, адолатли ҳокимлар ҳақида гапирганини тушуниш керак. Президент адолатли ҳокимни ҳимоя қилади. “Мен ҳокимман, менинг орқамда Президент турган экан” деб билдирилган ишончни суистеъмол қилмаслик керак. Ўртада қонун бор. Президент адолатли ҳокимга тегинишларига йўл қўймайди. Айрим ҳокимлар ҳуқуқий саводхонлиги йўқлиги учун юқоридаги ишларни қиляпти.

Масалан, куни кеча Сирдарё вилоятидаги ишда туман ҳокимининг судларга босими сезилиб қолди. Биз буни сезганимиздан сўнг, Олий судга эътироз ёзиб бердик. Бошқа вилоятга олишини сўрадик. Ҳокимлар томонидан очиқдан-очиқ қонунбузарликлар кўриниб турибди. Бунга эса прокурорлар қўл қовуштириб ўтирибди. 

— Ўзингизга маълумки, ўтган йили кўплаб фермерлар учун нохуш хабардек келган қарор қабул қилинди. “14-сонли қарор” дея номланган мақбуллаштириш бўйича қарор қанчалик даражада жойларда таъминланди?

— 2019 йил 9 январда 14-сонли қарор Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинди. Аслида бу қарор эксперимент тариқасида қабул қилинди. Чунки, бу талаблар қонунда йўқ эди. Мақбуллаштириш вақтида масъуллар томонидан қонунни орқа томонга суриб қўйиб, бирёқламаликка берилиб кетиб, жуда кўплаб қонунбузилиш ҳолларига йўл қўйилди. 

— Яъни, саллани деса каллани олиб келишди...

— Ўтган йили фермерлар хўжаликлари томонидан Фермерлар кенгашига келиб тушган аризаларнинг 90 фоизи мақбуллаштириш бўйича қарорнинг ижросини таъминлаш бўйича эди. Чунки ҳокимлар томонидан мақбуллаштириш жараёнида кўплаб шошмашошарлик билан ва сифатсиз қарорлар қабул қилинди. Шу сабабли, норозиликлар кучайиб кетди. 

Ҳокимлар аввало Ер кодексига эътибор қаратмади. Ер кодексининг 36-моддасига кўра, фермернинг ихтиёрига билан ери олинмай, кўп ҳолларда фермернинг ихтиёрига зид равишда олиб қўйилди. Ердан самарали фойдаланмаганлик ҳоллари ҳам аниқланмасдан туриб бошқага ижарага бериб юборишлар бўлди. 

Юқоридаги ҳолатлар сабаб, тўхтовсиз мурожаатлар келиб тушди. 2019 йилда Вазирлар Маҳкамасига ҳам, Омбудсманга, Халқ қабулхоналарига тушган аграр соҳадаги мурожаатларнинг деярли 90 фоизи шу қарор ижроси бўйича бўлди. 

Бу масалада қуйи судларда адолатсиз қарор қабул қилинади. То олий судга келгунига қадар ҳокимлар қарорлари ҳимоя қилинмоқда. Қонунчилик қуйи тизимларда таназзулга юз тутиб кетмоқда. 

— Мамлакатда гўшт тақсил. Буни нархлардан билса бўлади. Лекин чорвачиликка эътибор барибир яхши эмас. Ҳатто, чет элдан зотдор қорамол олиб келган фермерларга ҳосилдорлиги паст, ёмон жойлардан ер берилганининг гувоҳи бўлдик. Сизнингча, бу соҳага эътибор қанчалик яхши?

— Кўриб турибсизки, ижтимоий тармоқларда ҳеч кимни ҳеч ким аямаяпти. Хориждан зотдор, наслдор қорамолларни олиб келаётган фермерларга арзийдиган даражадаги ҳосилдор ер берилмаяпти. Германия, Украина ва турли давлатлардан тадбиркорлар олиб келяпти. Мақсад гўштни яхши етиштирайлик. Бозор арзон бўлиши учун. Шундай вақтда туман ҳокимлари эътибор бериши керак. 

Тадбиркор четдан чорва олиб келдими, демак унга ҳосилдорлиги баланд ерлардан ажратиш керак. Ҳозирги кунда айрим фермерлар норози бўлмоқда. Уларга паст бонитетли ерлардан беришмоқда. Агар фермерга озуқа захира етиштириш учун ҳосилдор ер берилса, жонини бериб ишлайди.

Айтиш жоизки, Олий Мажлисда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси тузилган ишчи гуруҳда мен ҳам борман. Ер кодексига, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунга, “Яйловлар тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартишлар киритляпти. Президентимизнинг 5747-сонли қароридан келиб чиқиб қонун лойиҳаси ишлаб чиқиляпти. Ўзгаришларга асосан, энди ерларни иккиламчи ижарага беришге рухсат берилиши кўзда тутилмоқда. Агар Олий Мажлисда қонунга киритилаётган бу ўзгартиш ва қўшимчалар муҳокама қилиниб, тасдиқдан ўтса, ҳосилдор ерларда озуқа захирасини яратиш мумкин. Бу гўштни етиштиришда самара беради. 

— Бу гўштнинг нархига таъсир қилиши мумкинми?

— Албатта, таъсир қилади. Агар мен иккиламчи ижарага 20-30 гектар ер олсам ва бунда озуқа еми яратсам гўштни кўпайтираман-ку. Менда ем кўп бўлса, гўштни кўпайтираман. Гўшт кўп бўлса, бозорда ҳам нарх арзонлашади.  Гўшт қанчалик кам бўлса, бозорда нарх кўтарилади. Қанчалик кўп бўлса, рақобат пайдо бўлади. Ўз-ўзидан бу нархга ҳам таъсир ўтказади.

Баҳодир Aҳмедов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 109
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×