Файзулла Хўжаевнинг академик невараси вафот этди

Жамият

image

Бугун, 20 ноябрь куни Бухоро давлат университети профессори, тарих фанлари доктори ва Ўзбекистон Турон фанлар академияси академиги Сулаймон Иноятов 86 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

У Отаулла Хўжаевнинг невараси, Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Совети раиси Файзулла Хўжаевнинг жиян невараси эди. Иноятов 1938 йил 12 март куни Бухорода Иноятхўжа Атоуллаев (1890-1987) ва Супия Иноятова (1900-1983) оиласида туғилган. Оиланинг келиб чиқиши Бухородаги машҳур Хўжаевлар сулоласига бориб тақалади.

Сулаймон Иноятов 1956-1961 йилларда Бухоро давлат педагогика институтида тарих-филология факультетини тамомлаган. 1966-1969 йилларда Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетида аспирантура йўналишида ўқиб, 1969 йил 9 октябрда Тошкент давлат университети тарих факультетидаги Илмий кенгашда тарих фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертация ёқлаган.

Сулаймон Иноятов 1984-1989 йилларда Бухоро давлат педагогика институтида кафедра мудири, 1989-1992 йилларда илмий ишлар бўйича проректор, 1992-1995 йиллар давомида университетнинг тарих факультети декани лавозимларида ишлаган.

Олимнинг жами 50 тага яқин монография, рисола ҳамда ўқув қўлланмалари, 500 дан ортиқ илмий мақолалари чоп этилган. Унинг илмий тадқиқотлари олимлар ва кенг китобхонлар оммасига маълум. Сулаймон Иноятов 2023 йилда Президент фармонига мувофиқ “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ электроэнергетик тизимларнинг режимларини таҳлили ва назарияси бўйича йирик олим, академик Темуржон Хайруллаевич Носиров 83 ёшида вафот этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

академик Сулаймон Иноятов Файзулла Хўжаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг