Фашизм, ирқчилик ва антисемитизмга қарши кураш куни. Бу кун қандай пайдо бўлган?
Бу қизиқ
−
09 Ноябрь 2021
6496Бутун дунёда 9 ноябрь куни Халқаро фашизм, ирқчилик ва антисемитизмга қарши кураш куни (International Day Against Fascism, Racism and Antisemitism) ўтказилади. У 46 мамлакатдан 560 дан ортиқ ташкилотларни бирлаштирган UNITED Ирқчиликка қарши халқаро тармоқ ташаббуси билан ташкил этилган.
Ушбу куннинг айнан 9 ноябрда нишонланиши тарихга бориб тақалади. 1938 йил 9 ноябрдан 10 ноябрга ўтар кечаси Германияда “Биллур кеча” ёки “Витриналар синдирилган кеча” деб номланган оммавий яҳудий қирғини бошланди. Бу Учинчи Рейх томонидан яҳудийларга қарши биринчи оммавий жисмоний зўравонлик бўлди. Ўшанда фашистлар 90 дан ортиқ одамни ўлдирди, 30 минг яҳудий асирга олиниб, концлагерларга юборилди. Юзлаб ибодатхоналар ёқиб юборилди, яҳудийларга тегишли минглаб дўкон витриналари синдирилди. Қирғиннинг номи ҳам шундан келиб чиққан.
1938 йилдаги бу воқеалар Холокост — яҳудий халқига қарши оммавий зўравонликни бошланишини белгилади. Натижада 6 миллионга яқин яҳудий ҳалок бўлди.
Холокост фақат бир халқнинг муаммоси эмас, балки бир миллатнинг бошқалардан устунлигига ишонч нималарга олиб келишининг намунасидир. Бундан ташқари, дунёнинг аксарият мамлакатларига таъсир қилган Иккинчи Жаҳон уруши фожиаларига қарамай, бутун фашистик мафкура илдизидан йўқ қилингани айтилган бўлса ҳам, сўнгги йиллардаги вазият шуни кўрсатадики, аслида бундай эмас.
Фашизмпараст мафкура ташкилотлари ҳатто энг кўп синовларга учраган давлатларда ҳам расмий рўйхатга олинган ва қонуний фаолият юритади.
Шу боис, бугунги кунда аҳмоқлик ёки билимсизлик туфайли бундай ташкилотларга қўшилганларга тушунтиришга қаратилган тарғибот тадбирлари ҳар қачонгидан ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Бу, биринчи навбатда, ёшларга тааллуқлидир, чунки улар Ер сайёрасининг келажаги.
Ҳар йили Халқаро фашизм, ирқчилик ва антисемитизмга қарши кураш кунида кўплаб мамлакатларда нацизм қурбонлари, террор қурбонлари хотирасига бағишланган кўргазмалар, митинглар, намойишлар ва бошқа тадбирлар ўтказилади.
Маълумот ўрнида, фашистлар Германияси ва унинг иттифоқчилари бошлаган Иккинчи жаҳон уруши давомида урушаётган давлатлар жами 110 млндан зиёд одамни армияга жалб қилган, уларнинг 25 млнга яқини ҳалок бўлган. Ҳарбий бўлмаганларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда уруш қурбонлари сони 65 млн нафардан ошади.