Фаррух Зокировга қўйилган “запрет” олиб ташландими?
Маданият-санъат
−
04 Август 2019
16544Хабарингиз бор, жорий йилнинг май ойи бошларида бир гуруҳ зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлардан иборат жамоа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга рус тилига “расмий тил” мақомини бериш бўйича мурожаат йўллаган эди. Ушбу ҳолат жамоатчилик орасида ва ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Мурожаатни имзолаганлар орасида эса Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров ҳам бўлган.
Ўтган асрнинг 70-йиллари ўрталарида тузилган “Ялла” гуруҳи раҳбари Фаррух Зокиров мурожаатни имзолаганидан кейин ижтимоий тармоқларда унга қарши эътирозлар кучайди. Ҳатто, Зокиров истиқомат қилаётган уй эшигига бориб, намойиш ўтказганлар ҳам топилди. Бу орада Фаррух Зокиров норасмий “запрет”га йўлиқди.
Бундан бир неча ой аввал “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтаётган концерт дастурида Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировнинг чиқиш қилиши белгиланган эди. Зокиров саҳнага чиқишига бир неча дақиқа қолганда, унинг қўшиқ куйлашига рухсат берилмади ва у ортига қайтди. Бўлиб ўтган ушбу воқеага QALAMPIR.UZ мухбири гувоҳ бўлганди.
Маълумотларга қараганда, Фаррух Зокировга қўйилган норасмий тақиқ яна олиб ташланган. Бу куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига амалга оширган илк ташрифи доирасида юз берган. Президентнинг ташрифи муносабати билан Минскда ўзбекистонлик санъаткорлар иштирокида концерт дастури ташкил этилган. Унда МДҲ мамлакатларида катта шуҳрат қозонган Фаррух Зокиров ҳам иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, Фаррух Зокиров Шавкат Мирзиёев иқтидорга келгунга қадар мамлакатда норасмий тақиққа учраган эди. Ўзбекистон халқ артистлари Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова қаторида Фаррух Зокировга нисбатан “запрет” 2017 йилга келиб ечиб юборилди.
Маълумот ўрнида, Фаррух Зокиров 1946 йилнинг 16 апрель куни таниқли санъаткор Карим Зокиров оиласида дунёда келган. У 2002-2004 йилларда Маданият вазири ўринбосари бўлиб ишлаган. У 1987 йилда Ўзбекистон халқ артисти, 1993 йилда Қорақалпоғистон халқ артисти, 1995 йилда Қозоғистон халқ артисти, 1996 йилда Қирғизистон халқ артисти, "Шуҳрат" медали, 2000 йилда Тожикистон халқ артисти, Ингушетия халқ артисти, 2017 йилда Қирғизистоннинг "Дўстлик" ордени, 2018 йилда "Фидокорона хизматлари учун" ордени билан мукофотланган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15