Фарғонадаги маҳорат марказида яширин камера ўрнатган ўқитувчи узр сўраб чиқди
3-саҳифа
−
16 Сентябрь
10248Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятида жойлашган Фарғона педагогика маҳорат марказидаги хоналардан бирида яширин камера ўрнатилгани акс этган видеолар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумот берди.
Камера хонадаги шкаф устида турган, қўл меҳнати билан ясалган кичик уйча ичига ўрнатилган. Уни маҳорат марказига малака оширишга келган ўқитувчилар топиб олган. Улар ҳолатни видео тасвирга олиб, яширин камера ўрнатилганидан норози бўлган ҳамда хонада айрим аёл-қизлар усти-бошини ҳам алмаштирганини айтган.
Ҳолат Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилган. Ўрганиш жараёнида ушбу хона аёллар хонаси эмас, дарс машғулотлари ўтказиладиган аудитория экани, камерани марказ ўқитувчиларидан бири ўрнатиб қўйгани аниқланган.
“Кузатув камераси айнан ўша аудиториянинг камераси ишламай қолганлиги сабабли қўйилган эди. У ўқув хонаси бўлган. Кафедрамизнинг 6 та аудиторияси бор. Марказимизда ҳеч қандай ечиниб-кийиниш хонаси ҳам, ётоқхона ҳам мавжуд эмас. Биз қилган битта хатомиз камерани очиқ ўрнатмаганимиз. Мен бу даражада шов-шув бўлиб кетади, деб ўйламагандим. Албатта, бу камчилигимизни тўғрилашга ҳаракат қиламиз. Афсусдаман, узр сўрайман. Мақсадим шу дарс жараёни ҳақида маълумотга эга бўлиш эди”, деган камерани ўрнатиб қўйган ўқитувчи.
Ҳолат юзасидан марказ берган расмий муносабатда келтирилишича, ҳолат тегишли тартибда ҳудудий марказ масъуллари томонидан ўрганиб чиқилган.
“Жорий йилнинг 12 сентябрь куни ҳудудий марказга келган тингловчилар 34-аудиторияда тарғибот воситаси сифатида қўйилган ўқитувчилар қўл меҳнати билан ишланган кичик уйчани кўздан кечиришаётганда унинг ичида кичик камера тасвирга олаяётганининг гувоҳи бўлишган. Воқеликдан марказ мутасаддиларини огоҳлантиришган. Шу куни маъмурият томонидан мазкур камера нима мақсадда қўйилгани мавҳум бўлгани учун ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳолатга ойдинлик киритишга ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилинди”, дейилган марказ муносабатида.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан ҳужжатлар расмийлаштирилган. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятининг Шаҳрихон тиббиёт бирлашмасига қарашли УТТ (Ультратовуш текшируви) хонасига камера ўрнатилгани ҳақида хабар берилганди. Қўқон давлат педагогика институтининг қизлар ётоқхонасига кузатув камерасини ўрнатган, 4 киши эса жаримага тортилганди.