Фарғонадаги чегарага 6 млрд сўмлик психотроп дорилар ташлаб кетилди
3-саҳифа
−
25 Сентябрь 4029
Фарғона вилоятида 6 млрд сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг контрабандасига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида “ўзбек-қирғиз” давлат чегарасининг Қувасой шаҳар “Полмон” МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмида номаълум шахслар томонидан катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситалари қолдириб кетилгани аниқланди.
Терговга қадар текширув давомида Қирғизистондан контрабанда йўли билан ўтказилган жами 7 дона қутида умумий қиймати 6 млрд 19 млн 980 минг сўмлик 53 минг 522 дона “Регапен” ва 20 минг дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) 1-қисми ва 2511-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дори воситалари эгаларининг шахсини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда яширин дори омборлари аниқланганди.