Фарғонадаги боғда фашист аскарлари тасвирланган плакат ўрнатилди
Жамият
−
10 Май 2021
8237Ижтимоий тармоқларда Фарғонадаги “Ватанпарварлар” боғида ўрнатилган плакатда немис аскарлари тасвирлангани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Файзулло Қосимов ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Унинг сўзларига кўра, “Хотира бор экан – миллат барҳаёт” сўзлари остида Вермахт солдатлари расми туширилган кўчма плакатнинг ўрнатилганига “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлимининг қўпол техник хатоси ва эътиборсизлиги сабаб бўлган.
“Ҳозирда вилоят ҳокимлиги томонидан ушбу масала юзасидан ўрганиш бошланди. Дастлабки суриштирувга кўра, интернетдан иккинчи жаҳон уруши даврига оид расмларга қидирув берилиб, билимсизлик туфайли тасодифий расм олингани, плакат дизайнида фойдаланилгани маълум бўлди. Ким плакат макетини тайёрлаган, нега бу расмни танлаган, нега тасдиқланмаган ҳолда ўрнатилган, буларнинг бари батафсил ўрганиб чиқилади. Айбдорларга кескин чоралар кўрилади”, дейди ҳоким ўринбосари.
Қосимовнинг қайд этишича, ҳозирда у кўчма плакат “Ватанпарварлар” боғидан олиб ташланган ўрнига Иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек жангчилари тасвирланган баннер ўрнатилади.
LiveБарчаси