Фарғонада ўқитувчи ўзини осгани айтилди. Бошқарма буни рад этди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятида аёл ўқитувчи хорижий тил сертификати йўқлиги ортидан қилинган қаттиқ босим туфайли ўзини осиб ўлдиргани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолатга вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.

Бошқарманинг иддао қилишича, ушбу мазмунда сиздирилган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўрганиш жараёнида Фарғона вилоятидаги умумий ўрта таълим мактабларида мазкур ҳолат аниқланмаган.

Тарқалган хабарларда аёлга чет тилидан Б2 сертификати йўқлиги учун ишдан бўшаши айтилиб, унга қаттиқ босим бўлгани таъкидланган.

Бунгача Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан Б2 даражадаги тил сертификатига эга бўлмаган хорижий тиллар ўқитувчиларини ишдан бўшатмаслик сўралганди.

Тақдимномада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 312-сон қарорининг 9-банди эслатилган. Унда давлат таълим муассасалари хорижий тиллар ўқитувчилари учун хорижий тилларни ўзлаштириш даражаси бўйича 2025/2026 ўқув йилига қадар умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча хорижий тиллар ўқитувчилари камида Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлиги белгиланган. Аммо ушбу қарорда меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича кўрсатма берилмаган.

Кенгаш айнан Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлмаган, айни пайтда фаолият юритаётган педагоглар билан меҳнат шартномасини бекор қилишни ноқонуний деб ҳисоблашини қайд этган.

Шунингдек, кенгаш вазирликдан худудий ташкилотларга ва иш берувчиларга жорий йилнинг 11 августига қадар Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлмаган хорижий тиллар ўқитувчилари билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш жараёнини тўхтатиш бўйича расмий кўрсатма беришни, ана шундай ходимларини ишдан бўшаётган масъул ходимлар ёки иш берувчиларга нисбатан интизомий чора кўришни, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги 312-сон қарорининг 9-бандига қўшимча ва ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар тайёрлашни ҳамда хорижий тиллар йўналишида дарс бераётган ўқитувчиларга нисбатан камситишга йўл қўйилмаслигини таъминлашни сўраган. Кенгаш бунинг учун ҳуқуқий асос етарли эмаслигини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Фарғона ўқитувчи чет тили B2 сертификати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг