Фарғонада психотроп моддалар савдоси билан шуғулланганлар қўлга тушди (видео)

3-саҳифа

image

Фарғона вилоятида 4 минг дона “Трамадол” гиёҳвандлик воситаси ва қарийб 10 минг дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланган шахслар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Фарғона туманида яшовчи муқаддам судланган шахс қирғизистонлик танишлари билан 4000 дона “Трамадол” гиёҳвандлик воситаси ҳамда 5306 дона “Регапен” ва 232 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиб олган. Бунинг учун уларга олдиндан 1200 АҚШ доллари юбориб, қолган пулларни дори воситаларини сотиб бўлганидан кейин беришга келишган.

Ўз навбатида қирғизистонлик наркосавдогарлар унинг буюртмасини айланма йўллар орқали Ўзбекистон ҳудудига ўтказиб берган.

Гиёҳвандлик воситаларини сотган ушбу фуқаро Риштон туманига бориб, 2800 дона “Трамадол” гиёҳвандлик воситасини ҳамда 560 дона “Регапен” ва 10 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Қўқон шаҳрида яшовчи 2 харидорга 13 миллион сўм ҳамда 100 АҚШ долларига сотиб, “Қўқон – Фарғона” йўналишида ҳаракатланаётган вақтида ушланган. Ундан 600 дона “Трамадол”, 50 дона “Тропикамид”, 13 млн сўм ҳамда 100 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, ундан гиёҳвандлик воситаларини сотиб олган қўқонлик 2 харидор ҳам ушланиб, улардан ҳам ашёвий далиллар тегишли тартибда олиб қўйилган.

Бундан ташқари, наркосавдогарнинг кўрсатмаси асосида, унинг яшаш хонадонидан товарнинг қолган қисми, яъни 600 дона “Трамадол” гиёҳвандлик воситаси ҳамда 4746 дона “Регапен”, 172 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида умумий баҳоси 1,5 млрд сўмни ташкил этувчи гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган.

Бошқа бир ҳолатда эса Риштон туманида яшовчи аёлнинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, келгусида сотиш мақсадида Қирғизистон Республикасидан келтирилган. Умумий баҳоси 682 млн сўмни ташкил этувчи 3343 дона “Регапен” ва 1058 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Шунингдек, аёлнинг жиноий  шериги бўлган Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаро ҳам ушланган.

“Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Фарғона психотроп моддалар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг