Фарғонада нега нон учун навбатлар пайдо бўлгани аниқланди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Фарғона шаҳар марказий Деҳқон бозори олдидаги “Саховат иссиқ нон” МЧЖ савдо дўконида қолипли нон учун навбат юзага келгани тасвирланган видеолавҳа тарқалди. Фарғона вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати ҳолатга изоҳ берди.

Маълум қилинишича, мазкур ҳолат Фарғона шаҳар ҳокими Восилжон Назаров, сектор раҳбарлари ҳамда бошқа масъуллар иштирокида ўрганилган. 

Аниқланишича, тадбиркор аввал арзон нархда сотиб олинган ундан тайёрланган нонни кеча, 1 июнь куни кун давомида 1500 сўмдан сотувга чиқаргани харидор гавжум бўлган бозор ҳудудида навбатни юзага келтирган.

Эслатиб ўтамиз, 1 июндан бошлаб Ўзбекистонда "буханка" нон нархи ошди. Тошкентда 1600 сўмдан сотилган қолипли нон 2800 сўмдан сотила бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 май куни ўтказилган дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнларининг натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари бўйича йиғилишда фермер ва кластерлар ўзи етиштирган ғаллани 1 июлдан бошлаб биржада сотишни бошлаши ҳақида кўрсатма берганди.

Молия вазирлиги вакилининг таъкидлашича, Ўзбекистонда буғдойнинг биржада сотилиши нархларнинг барқарорлашишига ва келгусида пасайишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Маълумот учун, Украинадаги вазият туфайли бирдан икки энг асосий буғдой етказиб берувчи халқаро бозордан узилиб қолди. Украинанинг буғдой экспорти портларнинг қўлдан кетиши ортидан тўхтаган бўлса, Россия ички бозордаги таъминотни баҳона қилиб, ғалла сотишни тақиқлади. Бу ҳам етмаганидек, жаҳон ғалла бозорининг учинчи асосий ўйинчиси Ҳиндистон ҳам буғдой экспортини чеклади.

Қайд этиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 866-сонли Қарори билан 2019 йил 15 октябрдан “Ўздонмаҳсулот” АЖ тизимидаги ташкилотлар томонидан 2019 йил ҳосилидан тайёрланган ва ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиган буғдойдан бошқа ғалла истеъмолчиларининг барча тоифаларига фақат биржа савдолари орқали ҳеч қандай чекловларсиз сотилиши белгиланди. Шундан сўнг, нон нархи 650-700 сўмдан 1400 сўмга кўтарилганди. Кейинроқ нарх яна бироз ошиб, 1600 сўмга етган.


Мақола муаллифи

Теглар

нон

Баҳолаганлар

184

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг