Фарғонада кўп қаватли уйлар ўртасида барча қурилишлар тўхтатилади
Жамият
−
14 Февраль 2021
6966Фарғона шаҳрида кўп қаватли турар-жойлар ўртасида барча қурилишлар тўхтатилади, пойдевор учун қазилган котлованлар кўмилади, болалар ҳамда спорт майдончалари қайта тикланади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров томонидан Фарғона шаҳридаги “Дўстлик” ҳамда “Гулзор” маҳаллаларида аҳоли яшаш шароитларини ўрганган. Ўрганиш асносида ҳудудда кўп қаватли турар-жойлар орасида яшил майдонлардаги дарахтлар кесилгани, болалар ва спорт майдончалари бузилгани ва ўрнига янги бинолар қурилиши бошлангани аниқланган.
“Ҳудудда яшовчи аҳоли вилоят ҳокими билан мулоқот чоғида янги қурилаётган бинолар маҳаллада аҳоли яшаши учун ноқулайликлар туғдираётганини, болалар учун очиқ ҳавода ўйнашга, катталар ва кексалар учун сайр қилишга имконият қолмаганини билдиришди”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Хайрулла Бозоров, биргаликда ўрганиш олиб бораётган шаҳар ҳокими ва прокурорига бугундан эътиборан Фарғона шаҳрида кўп қаватли турар-жойлар ўртасида олиб борилаётган барча қурилишларни тўхтатиш ҳамда бундай қурилишларга рухсат бериш билан боғлиқ қарорларни бекор қилиш юзасидан топшириқ берган.
"Пойдевор учун қазилган котлованлар барчаси кўмиб ташланади, қурилиши якунлашиш босқичида бўлган иншоотларнинг ҳар бирининг қонунийлиги бўйича шаҳар прокуратураси ўрганиш олиб боради. Барча ҳудудларда бузиб ташланган болалар ҳамда спорт майдончалари қайта тикланади, қурилиш эгалари кесилган ҳар бир дарахт ўрнига 100 тупдан манзарали дарахт экиши таъминланади. Тўхтатилган қурилишлар ўрнига тадбиркорларга бино қуриш учун бошқа жойдан ер майдони таклиф этилади”, дейилган хабарда.
Хайрулла Бозоров, ўрганиш жараёнида шунингдек, ҳудуддаги атроф-муҳит тозалигига эътиборсизликка, чиқиндиларнинг сочилиб ётганига, турар-жойлар атрофида ободонлаштириш ишларининг умуман йўлга қўйилмаганига, биноларга бириккан ҳолда вақтинчалик қўшимча иншоотлар қуриб ташланганига алоҳида танқидий эътибор қаратган.
“Фарғона турар-жой массивларида файз бўлиши шарт”, деган вилоят ҳокими.
Мотуридий кўчаси ҳудудидан оқиб ўтувчи катта ариқ устида иншо этилган объектлар олиб ташланиб, сув қирғоғи бўйлаб велосипед миниш ҳамда сайр қилиш учун экойўлак ташкил этиш белгиланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь