Фарғонада “Каркидон” сув омбори атрофида 100 минг сайёҳ учун туризм зонаси ташкил қилиниши мумкин
Жамият
−
28 Июль 2023
6971Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилояти ҳудудидаги “Каркидон” сув омбори атрофида ҳар йили 100 минг нафар сайёҳ учун хизмат қиладиган замонавий туризм зонасини ташкил қилиш имконияти мавжудлигини айтди. Бу ҳақда давлат раҳбари Қўқон шаҳрида ўтказилган видеоалоқа шаклидаги йиғилишда маълум қилди.
Қайд этилишича, Президент топшириғига кўра, Фарғона вилоятининг ишга солинмаган имкониятларини аниқлаш ва уларни рўёбга чиқариш бўйича ҳар бир туман ва шаҳарга республикадан масъуллар бириктирилган.
Улар томонидан 2 миллиард долларлик қўшимча захиралар аниқланган ва тадбиркорлар билан учрашиб, аниқ лойиҳалар шакллантирилган.
“Агар ҳокимлар вақт ажратиб, тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг дардига қулоқ солса, ташаббусларини тингласа, вилоятдаги туманларнинг барчаси йил якунига қадар бемалол камида 100 миллион доллардан инвестиция жалб қилиши мумкин”, дейди давлат раҳбари.
Президент Қува ва Бешариқ туманлари мисолида ушбу имкониятларни кўрсатиб ўтган. Жумладан, Қува туманида яроқсиз ҳолга келиб қолган “Қува-2” насос станциясини хусусий шериклик асосида тадбиркорларга бериш ва 9 миллиард сўм инвестиция эвазига замонавий ускуналар ўрнатиб, электр харажатларини ойига 2,5 миллиард сўмдан 360 миллион сўмга, яъни 7 баробарга қисқартириш мумкинлиги айтиб ўтилган.
Бундан ташқари, “Каркидон” сув омбори атрофида ҳар йили 100 минг нафар сайёҳ учун хизмат қиладиган замонавий туризм зонасини ташкил қилиш имконияти мавжудлиги таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бешариқни Тожикистоннинг Сўғд вилояти билан боғловчи кўприкдаги ишлар якунига етказилса, мазкур туман қўшни республиканинг 500 минг аҳолиси учун транзит ҳудудга айланиши айтилганди.
LiveБарчаси