Фарғонада қочоқ куёв олти йилга қамалди

3-саҳифа

image

Жиноят ишлари бўйича Қува тумани суди томонидан куёв бўлмиш олти йилга озодликдан маҳрум қилинди. Маълум бўлишича, К.Шуҳратов (тарафларнинг исми-фамилияси ўзгартирилган) бошқа инсонларни алдаб, ўзганинг пули эвазига яшашни касб қилиб олган фирибгарлардан экан. 

Воқеа тафсилотига кўра, фарғоналик Д.Сафарова (исм-фамилияси ўзгартирилган)телевизор кўриб ўтириб “Hop-Shop” ТВ рекламасини кўриб қолади ва онасига совға сифатида ушбу реклама каналидан буюм сотиб олмоқчи бўлиб, юқоридаги ТВ канал рақамига қўнғироқ қилади. Техника жиҳозига буюртма беради. 

Орадан бир неча кун ўтиб Д.Сафаровага нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлади. Нотаниш йигит ўзини “Hop-Shop” ТВ каналида ишлашини, унинг буюртмаси бўйича айрим масалаларни аниқлаб олиши кераклигини айтиб суҳбат бошлайди. К.Шуҳратов суҳбат давомида Д.Сафарованинг ўқишни тамомлаб ишлаётгани, турмушга чиқмагани, оиласи ва бошқа маълумотларни батафсил сўраб олади. Шундан сўнг К.Шуҳратов ўзининг ғараз мақсадини амалга ошириш режасини тузади ва бир неча кундан сўнг Тошкентдан Марғилон шаҳрига келади. 

Д.Сафарова уни қидириб келган К.Шуҳратовни кўргач, гўёки бир неча йилдан буён ўзи кутган инсонни учратгандек бўлади. Чунки бу йигит унга ширин сўзларни топиб гапирар, катта ваъдалар берар, ўзининг уйланмагани ва унга ўхшаган қизни узоқ вақтдан буён қидириб юрганини айтиб, қизнинг бошини айлантиради. Қиз ҳам фирибгарнинг тузоғига осон тушади. “Ширин ёлғонга” учади. Йигитнинг барча талабларини унга ишониб, ҳеч шубҳаланмай бажаради. Жумладан, К.Шуҳратов унга уйланиши учун уйини таъмирлашга деб пул сўраганда тўплаб юрган барча пулларини беради. Йигит уни деб тайёр ишини ташлаб келганини айтиб келгусида “Тошкент –Марғилон” йўналишида кира қилишини айтиб машина сотиб олишга ёрдам сўраганда ҳеч иккиланмай ота-онасидан К.Шуҳратовга бериш учун пул сўрайди. К.Шуҳратов барча талаблари Д.Сафарова томонидан бажарилаётганини кўриб навбатдаги ҳийласини бошлайди. 

Фирибгар йигит қизда унга бериш учун пули қолмагач, кредит дўконларидан ва тижорат банкларидан пул ҳамда турли товарлар олиб беришни “илтимос қилади. Д.Сафарова бу талаб фирибгарнинг яна бир ҳийласи эканини англамайди ёки англашни хоҳламайди, десак тўғрироқ бўлади. 

К.Шуҳратовнинг юқоридаги хислатлари қизни тамоман “эсдан оғдирган”. Ҳатто, фирибгарнинг “тўйгача никоҳ ўқитиб бирга яшаб юрайлик”-деган таклифига эс-ҳушли қиз кўнадими? Йўқ, албатта, аммо сохта муҳаббатдан ҳеч нимани кўрмай қолган Д.Сафарова муттаҳамнинг бу таклифига ҳам рози бўлади. Никоҳ ўқитиб ўз уйидан фирибгарга жой беради. Ҳийласини ўйлаганидан ҳам “унумли иш берганидан” хурсанд К.Шуҳратов еб-ичишдан тортиб уст-бошигача бўлган харажатни Д.Сафарова ва унинг яқинлари зиммасига ортиб қўяди. Ҳар қандай қабиҳликнинг ҳам охири бўлганидек, “куёв”нинг хурмача қилиқлари Д.Сафарованинг ота-онаси ва ака-укаларини кеч бўлса-да ҳушёр торттирди. Улар К.Шуҳратовдан тўй қилишни, эл-юртга уйланганини ошкор қилишни сўрай бошлайди. Шундан сўнг К.Шуҳратов сўнги ҳийласини бошлайди. Фарғона шаҳрида “Висол” тўйхонасида дабдабали тўй қилишини, Тошкентдан казо-казолар меҳмонга келишини айтиб Д.Сафарова ва унинг яқинларини ишонтириб, тўй кунини белгилайди. Тўйхона манзили кўрсатилган сохта таклифномаларни Д.Сафарованинг яқинларига тарқатиб, ҳаммани тўйга таклиф этади. 

Фирибгар К.Шуҳратов келин ва унинг яқинларини тўплаб уларга қимматбаҳо тўйхонада катта тўй қилиш учун анча қарз бўлиб қолганини, ўзига яна бироз ёрдам кераклигини айтиб уларни ишонтиради. Барчанинг тўёна пулларини йиғиштириб олиб Тошкент вилоятига қочиб кетади. Тўй куни тўйхонага борган келин ва унинг қариндошлари қандай аҳволга тушганини айтиш шарт эмас. 

Кеч бўлса-да эсини йиғиб олган жабрланувчи Д.Сафарова зудлик билан К.Шуҳратов устидан ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят аризаси билан мурожаат қилади. Жиноят кодексининг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилди. Аниқланишича, К.Шуҳратов оилали, икки нафар фарзанди бор экан. Уларга пул топиб ишлаб келиш учун кетаётганини айтиб Марғилон шаҳрига келган экан.

Сарвар Хуррамов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made