Фарғонада ИИБ ходимига пора таклиф қилган аёл ушланди
3-саҳифа
−
17 Ноябрь
6039Фарғона вилоятиинг Бешариқ туманида ички ишлар органи ходимига 3000 доллар пора таклиф қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Унга кўра, Наманган шаҳрида яшовчи 1989 йилда туғилган аёл Бешариқ тумани ИИБга қарашли тергов бўлими суриштирувчиларига мурожаат қилиб, Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 3-қисми “а” банди билан айб эълон қилиниб, қамоққа олинган танишини қамоқ эҳтиёт чорасини бекор қилиши ва айбловни олиб ташлаши учун 3000 доллар миқдорида пора таклиф қилган.
Ходим пора бериш жиноят эканини бир неча бор тушунтиришига қарамай аёл пора таклиф қилишда давом этган.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро ходимга 2100 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтда ушланиб, пуллар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятида 400 АҚШ доллари эвазига текширув материалларини йўл-транспорт ҳодисаси содир этган ҳайдовчининг фойдасига ҳал қилишни ва суд тиббий экспертизасини енгиллаштиришни ваъда қилган инспектор озодликдан маҳрум қилинганди. ЙТҲ юз берган жойга етиб боргач, у ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириб, йўловчилардан бирининг тан жароҳатининг оғирлик даражасини аниқлаш учун тиббиёт экспертизаси тайинлаган. Ҳайдовчининг бошқарувидаги машинани шу куниёқ жарима майдончасига жойлаштирган. Орадан 4-5 кун ўтгач, ҳайдовчини ўз хизмат хонасига чақирган ва ундан пул талаб қилган.
LiveБарчаси