Фарғонада фуқарони қўрқитиб, 8 млн сўм талаб қилган товламачилар ушланди (видео)
3-саҳифа
−
18 июл 3750 1 дақиқа
Фарғона вилоятида фуқарони калтаклаб, унинг шахсий ҳаётига оид тасвирларни тарқатиш билан қўрқитиб пул талаб қилган 5 нафар йигит қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, Фарғона шаҳрида яшовчи 5 нафар йигит Қува туманида истиқомат қилувчи фуқарони Фарғона шаҳрининг Бешбола маҳалласидаги карьер ҳудудига олиб борган. Улар жабрланувчига тан жароҳати етказиб, уни сир сақланиши лозим бўлган ҳолатда уяли телефон орқали тасвирга олган.
Шундан сўнг гумондорлар олинган тасвирларни жабрланувчининг яқин қариндошларига юбориб, уни шарманда қилиш билан қўрқитган ва товламачилик йўли билан 8 миллион сўм талаб қилган.
Ички ишлар органлари ходимлари гумондорларни жабрланувчидан 2 миллион сўм олаётган вақтида қўлга олган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилган бўлиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятида ўзганинг шахсий фото ва видеоларини тарқатиш билан таҳдид қилиб, 10 миллион сўм талаб қилган талаба қўлга олинган эди.
Live
Барчаси