Фарғонада ариқдан эркак кишининг мурдаси топилди
3-саҳифа
−
02 Ноябрь
11444Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳрида ариқдан 46 ёшли эркак ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Унга кўра, бугун, 2 ноябрь куни соат 08:30 да Фарғона шаҳрининг “Чекшўра” МФЙ Чароғон кўчасидан ўтган ариқдан номаълум шахснинг мурдаси тан жароҳатларисиз топилган. Ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокурори раҳбарлигида тезкор-тергов гуруҳи томонидан воқеа жойи ва мурда кўздан кечирилганда, ишга алоқадор ҳолатлар аниқланмаган ва ашёвий далиллар олинмаган.
Аниқланишича, марҳум 1978 йилда Риштон туманида туғилган, Фарғона шаҳри “Илғор” МФЙ Фаровон турмуш кўчаси 5/205-уйда яшаган С.Р. бўлиб, турмуш ўртоғи Н.Ж. томонидан таниб олинган.
Ўлим сабабини аниқлаш мақсадида тайинланган суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, эркакнинг ўлимига нафас йўлларининг сув билан беркилиши оқибатидаги механик асфикция сабаб бўлган, унинг танасида жароҳатлар аниқланмаган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри Пейзаж кўчасидаги квартирадан асли ўзбекистонлик бўлган 19 ёшли йигитнинг жасади топилганди. Марҳум юрак соҳасидаги жароҳат билан топилган. Асли тошкентлик бўлган йигит вояга етгандан икки ҳафта ўтиб, Россия паспортини олган. У билан квартирада 20 ёшли санкт-петербурглик қиз ҳам бўлган. Қизнинг ҳуқуқ-тартибот органларига берган кўрсатмасига кўра, улар квартирани ижарага олган ва кечқурун спиртли ичимлик ичиб, келажак режаларини муҳокама қилган. Тахминларга кўра, қиз йигит билан бирга яшамаслигини айтган.