Фарғонада 40 метрли қудуқ тубида қолиб кетган эркак қутқарилди (видео)
Жамият
−
22 Март
4076Фарғона вилоятида 40 метрли қудуққа тушиб, қолиб кетган фуқаро қутқарилди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, Фарғона тумани Соҳибкор кўчасидаги уйларнинг ҳовлисида чуқурлиги 40 метр бўлган қудуқда ишлаётган 1977 йилда туғилган Х.Д. ўзининг шахсий электр “лебёдка”си ишламай қолиши оқибатида қудуқ тубида қолиб кетган.
Шундан кейин у зудлик билан ФВБга ёрдам сўраб мурожаат қилган. Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси махсус вазифаларни бажарувчи минтақавий қутқарув отряди қутқарувчилари воқеа жойига етиб борган.
Қутқарувчиларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида фуқаро қутқариб қолинган. У тан жароҳати олмаган.
“Тез тиббий ёрдам кўрсатилмаган, саломатлиги яхши”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятида 1 ёшли қиз ҳожатхонага тушиб кетганди. ФВБ қутқарувчилари махсус қутқарув асбоб-анжомлари ёрдамида ҳожатхона чуқурлигидан қизалоқни олиб чиқиб, ҳаётини сақлаб қолган.
LiveБарчаси