Фарғонада 2 аёлни Туркияга сотмоқчи бўлганлар ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Фарғона вилоятида икки нафар аёлни Туркияга юбориб, одам савдосига жалб этмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти ИИБ ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Наманган вилоятининг Поп туманида рўйхатда туриб, Бувайда туманида яшаган аёл Туркиянинг Истанбул шаҳрида истиқомат қилувчи ва Бувайда туманида вақтинча рўйхатдан ўтган таниши билан олдиндан тил бириктиргани аниқланган.

Қайд этилишича, гумонланувчилар Учкўприк ва Бувайда туманларида яшовчи икки нафар аёлни Истанбулда юқори даромадли иш ваъда қилиб алдаган ҳамда уларнинг Туркияга кетиши учун электрон авиачипталар харид қилиб берган. Бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида аёлларнинг чет элга жўнатилиши Тошкент халқаро аэропортида тўхтатилган.

Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги фуқароларни хорижда иш таклиф қилаётган шахсларнинг ваъдаларга ишонмаслик, чет элга фақат қонуний тартибда ишга бориш ҳамда шубҳали таклифларга дуч келганда тегишли идораларга мурожаат қилишга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда фирибгарлик жиноятини содир этиб, 6 йилдан буён қидирувда бўлган ҳамда одам савдоси билан шуғулланган Ўзбекистон фуқаролари Туркияда қўлга олиниб, мамлакатга қайтарилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг