Фарғонада 1,2 млн сўм пора олган ЙПХ инспектори қамалди

3-саҳифа

image

Фарғона вилоятида 1,2 млн сўм пора олган йўл-патруль хизмати инспектори 2 йилга қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.

Ҳужжатга кўра, ўтган йилнинг 29 октябрь куни соат 16:00 ларда Фарғона вилояти ИИБ ЖХХ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 2-отряд 4-сафарбар гуруҳи йўл патруль хизмати инспектори лавозимида ишлаб келган Ш.Х. Бувайда тумани Қўнғирот қишлоғида Б.А.нинг Lacetti русумли автомашинасини тегишли рухсатномасиз олд ён ойналари тусини ўзгартирилган (қорайтирилган) ҳолда бошқариб келгани учун маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирмаслик эвазига ундан 1 млн 200 минг сўм пулни таниши Ш.Ш.нинг банк картасига ўтказиб, пора тариқасида олган.

Жорий йилнинг 24 февраль куни Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича Бувайда туман судида мазкур иш кўриб чиқилган. Унда судланувчи Ш.Х. Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, 2 йил муддатга мансабдорлик лавозимлари ҳамда моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан ва шунча муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Жорий йилнинг 9 апрель куни Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг кассация инстанцияси очиқ суд мажлисида судланган томоннинг шикояти асосида иш қайта кўриб чиқилган ва унда Ш.Х. ҳимоячиси билан биргаликдаги озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраган. Бироқ Ш.Х.га нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Бувайда туман судининг 2025 йил 24 февралдаги ҳукми ўзгаришсиз, кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятида 400 АҚШ доллари эвазига текширув материалларини йўл-транспорт ҳодисаси содир этган ҳайдовчининг фойдасига ҳал қилишни ва суд-тиббий экспертизасини енгиллаштиришни ваъда қилган инспектор 4 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

пора ЙПХ Фарғона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг