“Фарғона вилоятига – китоб карвони” ёзувли автомашинага нега картошка ортилганди?
Жамият
−
14 Ноябрь 2019
6686Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Фарғона вилоятига – китоб карвони” ёзувли автомашинанинг юкхонасига картошка ортилгани акс этган фотосуратга турли фикрлар билдирилмоқда. Фарғона вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бу ҳолатга ойдинлик киритди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Бошқарманинг масъуллари юк автомашинаси эгаси, асли фарғоналик бўлган Маъруфжонни топиб, ўзидан холис муносабат сўради. Унинг айтишича, “китоблар йилнинг май ойи охирида шу машинада олиб келинган, лекин сурат ноябрь ойи бошларида олинган бўлиши керак”. “Нега беш ойча вақт машина бортида ёзув қолдирилган?” деган саволга Маъруфжон шундай изоҳ берди:
– Июнь-октябрь ойларида машинамиз бузилганича ноябрда тузалди. Эҳтиёт қисмларни тўплаш чўзилиб кетди. Катта рўзғоримизни тебратиб турган машина тузалгач, ишга чиқиш олдидан Фарғона шаҳар марказига яқин жойдаги юк машиналарини ювиш ва тозалаш жойига олиб бордим. Ўша жойга яқин ҳудудда бир ҳамкасб танишимни учратдим ва мендан ёрдам сўради.
Юки билан машинаси бузилган экан. Унинг илтимосига кўра, қопланган картошкаларни вақтинчаликка менинг машинамга юклаб турдик. Буни ҳайдовчилар тилида “перекид” дейишади. 1-2 соатга, холос. Шу куниёқ, танишим машинасини таъмирлаб қайтди, яна картошкалар ўз жойига қайта юкланди. Бу орада машинам автотураргоҳдан ҳеч қаёққа чиқмаган. Қолаверса, у жой бозор ҳудуди ҳам эмас.
Унинг айтишича, ўша куннинг ўзида таъмирдан чиққан машинасини яхшилаб тозалатиб, ёзувларни ҳам олиб ташлаган.
– Тўғриси, интернетдаги сурат менга қаттиқ таъсир қилди, – дейди Маъруфжон. – “Китоб карвони” лойиҳасида Фарғонага юз мингдан ошиқ китобларни шу машинада ўзим ташиганман. Буни телевизорда кўрсатишган. Ана, ҳалигача интернетдаям турибди экан. Воқеани билмай туриб, одамда нохолис фикр уйғотадиган хабарни тарқатиш ғийбатдан бошқа нарса эмас. Буни оқламайман.
Маъруфжон сўзининг охирида бировлар шаънига ноўрин гап-сўзни кўпайтиришдан кўра, одамларга ёрдам беришни ўйлаган яхши, деб қўшиб қўйди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь