Тошкентда транспорт нархи ошади
Интервью
−
29 Ноябрь
37752025 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳрида автобус ва метро учун нақд пулдаги йўлкира нархи оширилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимининг “Тошкент шаҳар жамоат транспорт тизимида электрон тўлов тизимини рағбатлантириш бўйича” қарор лойиҳасида эълон қилинди.
“2025 йилнинг 1 январидан эътиборан шаҳар жамоат транспорти автобуслар салонида нақд пул шаклида тўлов қилиш имконияти чекланади. Бунинг учун бугунги кунда автобуслар ва бекатларда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш учун махсус шохобчалар ташкил этилади. Ушбу шохобчалар орқали йўловчилар ўзларининг нақд пулларига бир марталик чипталарни сотиб олади. Автобусларда эса мана шу чипталарни ўқиш учун махсус мосламалар ўрнатилган бўлади. Шу орқали йўловчилар тўловларни амалга оширишади”, деди Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Наврўз Аширматов QALAMPIR.UZ'га берган интервьюсида.
Янги тартибга кўра:
-
Нақд тўлов билан бир марталик йўлкира нархи – 3 000 сўм,
-
Электрон тўлов тизими орқали тўланганда эса – 1 700 сўм қилиб белгиланган.
Хўш, нархлар оширилишига аҳоли қандай муносабат билдиради? QALAMPIR.UZ уларнинг фикрига қизиқди:
“Мен жамоат транспортлари нархлари оширилишига қаршиман”, дейди доимий жамоат транспортидан фойдаланувчи эркак.
“Икки минг бўлгани яхшироқ эди”, деди йўловчи аёл.
“Транспорт нархлари оширилди, энди ойликлар ва стипендиялар ҳам ошармикан?” деди талаба қиз.
“Иложи бўлса, оширилмаса бўларди. Халқ қийналиб қолади-да”, дейди яна бир жамоат транспорти фойдаланувчиси.
Янги тарифлар жорий этилишидан ва айнан нақд пул орқали тўланганда нархларни оширишдан асосий мақсад нима? “Бугунги кунда электрон тўлов кўрсаткичларининг улуши 60 фоизни ташкил этади. Келгусидаги мақсад эса ушбу кўрсаткични ошириб бориш ва жараённи 100 фоиз электрон шаклга ўтказиш”, деди Наврўз Аширматов.
Одамлар ҳам электрон тўлов тизимини маъқул кўришини айтди. Аммо нақд тўлов усулини танлаганлар ҳам йўқ эмас.
“Карта билан тўлов қилиш менга қулайроқ, чунки мен ҳар куни невараларимни мактабга олиб бориб қўяман. Ўғлим картамизни тўлдириб туради”, деди кекса ёшли онахон.
“Агар 3 000 сўмга чиқадиган бўлса, автобус карталари билан тўлаган қулайроқ, чунки 3 000 бизга қимматлик қилади”, деди талаба қиз.
Нархларни ошириш эвазига одамларга нима таклиф қилинади?
“Бу аҳолига электрон тўлов тизимидан фойдаланиб, йўлкира ҳаққини тежаш имкониятини беради. Чунки карта орқали тўланганда тўлов тарифи ўзгаришсиз 1 700 сўм сифатида қолдириляпти,” деди Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари.
Яна бир эътиборли томони шундаки, автобус ёки метрога юк билан чиқсангиз, яъни багаж хизматидан фойдалансангиз, юкингиз учун 4 000 сўм тўлов қиласиз.
“Умуман олганда, багажларни ташиш хизмати бўйича тарифлар аввалдан мавжуд бўлган. Бунда ўлчов бирликлари 120 га 65 см ўлчамда бўлган юкларни олиб юрган йўловчилар ўз навбатида багаж ташиш хизматидан фойдалангани учун қўшимча ҳақ тўлаши керак бўлади”, деди Наврўз Аширматов.
Шунингдек, электрон тўловларни амалга оширишда амалдаги кунлик ва ойлик тарифларга қўшимча сифатида қатновлар сонидан келиб чиқиб кўп марталик тариф режалари жорий этилади.
Шу билан бирга, транспорт карталаридан фойдаланган ҳолда бир соат ичида бир йўналишдан бошқасига ўтишда мавжуд имтиёзли ва бепул тариф режаларининг нархлари ўзгаришсиз қолдирилади.
Фарангиз Қосимова
LiveБарчаси
Асад ҳокимияти ағдарилди.
08 Декабрь