Фаластинликлар ёнаётган оловда АҚШ ҳам куяди – Эрон

Олам

image

Эрон Ташқи ишлар вазири Амир Абдуллаҳиён БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқида Ғазодаги қотилликлар давом этса, унинг алангаси бошқаларни ҳам куйдиришидан огоҳлантирди.

"Бугун Нью-Йоркда, БМТ минбаридан туриб ҳозирда Фаластиндаги геноцидга раислик қилаётган америкалик давлат арбобларига очиқчасига айтаман, биз минтақада урушнинг тарқалишини олқишламаймиз. Лекин мен огоҳлантираман: Ғазода геноцид давом этса, бу алангадан  ҳеч ким омон қолмайди” , дейди у.

Абдуллаҳиён Эрон ҳам Ғарбий Осиё минтақасининг бир қисми эканлигини ва “унинг хавфсизлигига таҳдид бўлаётгани”ни эслатди. У тинч аҳолини ўлдириш ва фаластинликларни мажбуран кўчиришни зудлик билан тўхтатишга чақирди.

Шу билан бирга, Исроил Эроннинг ҲАМАС билан можарога аралашувидан хавотирда. Исроил расмийлари Эронга бир неча бор қизил чизиқни босмаслик ҳақида "сигнал" юборган.

Ўтган ҳафта Исроил Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" гуруҳи иккинчи фронт очса, “илоннинг бошини кесиб ташлаш” билан таҳдид қилган эди. Бу билан Исроил "Ҳизбуллоҳ"ни Эрон қўллаб-қувватлаётганига ишора қилган.

"Эроннинг Исроилга ҳужум қилиш режасидан хабардормиз. Агар улар ("Ҳизбуллоҳ" - таҳр) Исроилга ҳужум қилиш ниятида эканини билиб қолсак, биз нафақат "Ҳизбуллоҳ"га, балки илоннинг боши(Эрон)га ҳам зарба берамиз", деган Исроил Иқтисодиёт ва саноат вазири Нир Баркат.

Ўз навбатида, Эроннинг Испаниядаги элчиси Ризо Забиб маҳаллий газетага берган интервьюсида, агар Исроил Эронга қарши қандайдир “жиннилик” қилса, "мамлакат фақат тарих сарлавҳаларида қолиши"ни айтган.

Аввалроқ, АҚШ қуролли кучлари Президент Жо Байденнинг буйруғига биноан Суриядаги Эронга тегишли иккита нишонга зарба бергани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Фаластин Исроил ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made