АҚШ Эроннинг иккита ҳарбий омборига зарба берди
Олам
−
27 Октябрь 2023
37477АҚШ қуролли кучлари Президент Жо Байденнинг буйруғига биноан Суриядаги Эронга тегишли иккита нишонга зарба берди. Бу ҳақда кеча, 26 октябрь куни кечқурун АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин маълум қилди.
“Бугун (26 октябрь) Президент Байденнинг буйруғига кўра, АҚШ кучлари Сурия шарқида Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ва унга алоқадор гуруҳлар томонидан фойдаланилаётган иккита объектга мудофаа зарбалари берди”, дейилади Пентагон матбуот хизмати томонидан эълон қилинган Остиннинг ёзма баёнотида.
Пентагон раҳбарининг сўзларига кўра, “ўз-ўзини мудофаа қилиш учун берилган” бу аниқ зарбалар Эрон билан алоқадор жангари гуруҳлар томонидан 17 октябрдан бери Ироқ ва Суриядаги АҚШ ходимларига қарши давом этаётган ҳужумларга жавобдир.
“Президент Байден Қўшма Штатлар бу каби ҳужумларга тоқат қилмаслиги ҳамда ўзини, фуқаролари ва манфаатларини ҳимоя қилиши ҳақида аниқ хабар бериш учун ҳаракат қилишни буюрди”, дейди Остин.
У тақдим этган маълумотларга кўра, АҚШ ҳарбийларига қилинган ҳужумлар оқибатида 21 нафар америкалик енгил тан жароҳати олган. Бироқ, уларнинг барчаси аллақачон ўз вазифасига қайтган. Бундан ташқари, у шундай ҳужумлардан бирида базада бошпана олаётган пайтда АҚШ ҳукумати пудратчиси юрак хуружидан вафот этганини эслаган.
“Ушбу зарбалар Исроил ва ҲАМАС ўртасида давом этаётган можаро билан боғлиқ эмас”, дейилади баёнотда.
Вазирнинг сўзларига кўра, АҚШ ҳарбий зарбалари Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги можарога ёндашувни ўзгартиришни англатмайди.
"Биз барча давлат ва нодавлат тузилмаларни кенгроқ минтақавий можарога айланиб кетиши мумкин бўлган ҳаракатлар қилмасликка чақиришда давом этамиз. Агар Эрон томонидан қўллаб-қувватланган гуруҳлар АҚШ кучларига ҳужум қилишда давом этса, биз халқимизни ҳимоя қилиш учун кейинги зарур чораларни кўришдан тортинмаймиз”, дейди вазир.
Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар можарога интилмаяпти ва бундан кейинги [бундай] жанговар ҳаракатларга киришиш нияти ёки истаги йўқ, бироқ Эрон ҳарбийлари томонидан қўллаб-қувватланган Америка кучларига қарши ҳужумларни қабул қилиб бўлмайди ва улар тўхтатилиши керак.
"Эрон ўз қўлини яширишни истайди ва бизнинг кучларимизга қилинган бу ҳужумлардаги ролини рад этади. Биз уларнинг бундай қилишига йўл қўймаймиз", дея қўшимча қилган Остин.
Кейинчалик Пентагоннинг юқори мартабали расмийларининг брифингда аниқлик киритишича, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли иккита Ф-16 қирувчи самолёти Суриядаги Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига тегишли бўлган қурол-яроғ ва ўқ-дорилар омборларига ҳаводан зарба берган.
Уларнинг версиясига кўра, иккита қирувчи самолётнинг ҳаво ҳужумлари "сўнгги 1,5 соат ичида" (брифингнинг ўзи Тошкент вақти билан 07:30 атрофида бўлиб ўтган) Эроннинг Сурия ва Ироқдаги АҚШ қўшинларига ҳужумда ишлатилган қурол ва ўқ-дорилар сақланадиган омборларга амалга оширилган. Расмийларнинг таъкидлашича, зарбалар содир бўлган ҳудудда тинч аҳоли бўлмаган. Бироқ улар зарбалар пайтида Ироқ билан чегара яқинида жойлашган омборларда Эрон ҳарбийлар бўлганми деган саволга жавоб бермаган. Уларнинг айтишича, барча зарбалар ўз нишонларига аниқ теккан.
Шунингдек, Пентагон вакили АҚШ март ойи охиридан бери биринчи марта Суриядаги Эрон билан боғлиқ нишонларга ҳужум қилганини айтган. Унга кўра, 17 октябрдан бери Эронпараст гуруҳлар Америка қўшинларига қарши 19 та камикадзе ва ракета ҳужумларини амалга оширган, жумладан, кеча, 26 октябрь куни шундай учта зарба бўлган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Американинг Сурия ва Ироқдаги ҳарбий базалари – Ал-Танф, Айн ал-Асад ва Ал-Ҳарирга ҳужум қилинганди.
LiveБарчаси