Фаластин BRICS’га қўшилмоқчи
Олам
−
25 Октябрь
4292Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос мамлакати BRICS гуруҳига қўшилиш истаги борлигини тасдиқлади. Бу ҳақда у кеча, 24 октябрь куни Қозонда бўлиб ўтган “аутрич” / “BRICS плюс” йиғилишида баёнот берди.
“Биз BRICS’га аъзо давлатлар раҳбарларига Фаластин масаласидаги позицияси учун миннатдорлик билдирамиз ва шу муносабат билан биз Фаластиннинг ташкилотга аъзо бўлиш истагини тасдиқлаймиз”, деди Аббос.
Унинг сўзларига кўра, Фаластин ушбу ассоциация мақсадларига эришиш учун "BRICS’нинг барча фаолиятида иштирок этишга тайёр" ва унинг аъзолари билан "стратегик алоқалар ўрнатишни" хоҳлайди.
"Умид қиламизки, Фаластиннинг BRICS’га қўшилиш ҳақидаги аризаси имкон қадар тезроқ қондирилади", дея қўшимча қилди Аббос.
Унинг фикрига кўра, кўплаб мамлакатларнинг BRICS’га аъзо бўлишга интилиши "мувозанатли ва адолатли дунё тартибини яратиш заруратидан" далолат беради. Фаластин Президентининг фикрича, мавжуд халқаро тизим “ҳозирда бутун дунёни қамраб олган инқирозларга, хусусан, Фаластин муаммосига дош бера олмаслигини кўрсатмоқда”.
Қайд этиш жоизки, 26 август куни Фаластиннинг Россия Федерациясидаги элчиси Абдел Ҳафиз Нофал унинг мамлакати Қозондаги саммитдан сўнг BRICS’га қўшилиш сўровини юборишини маълум қилганди. Элчининг қўшимча қилишича, Фаластиннинг ушбу саммитга таклиф этилиши ижобий хабар ва Фаластин халқини қўллаб-қувватлаш белгисидир.
Маҳмуд Аббос саммит доирасида бўлиб ўтган Россия етакчиси Владимир Путин билан учрашувда ҳам Фаластин BRICS’да гуруҳ учун қулай шаклда иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
"Биз BRICS ривожланишини кузатишдан мамнунмиз ва ушбу гуруҳ билан унга мос шаклда: иштирокчи ёки шерик сифатида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз", деди у.
Аббоснинг қўшимча қилишича, Фаластин “Россия билан биргаликда ушбу уюшма ишида иштирок этишдан мамнун бўлади”.
Шунингдек, Фаластин Президенти Россия ва унинг раҳбариятига Фаластин халқини кучли қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
“Россия ва унинг раҳбариятига Фаластин ва халқимизни қўллаб-қувватлашдаги доимий ва қатъий позицияси учун миннатдорчилик билдираман", деди Аббос.
Унинг сўзларига кўра, “фаластинликлар бу қўллаб-қувватлашни узоқ вақтдан бери ҳис қилиб келган ва буни юксак қадрлайди”.
Шу билан бирга, у Россия Президентига Москванинг “Фаластин бирлигини тиклаш” бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирди. Аббоснинг таъкидлашича, шу фонда Ғарб давлатлари ва баъзи араб давлатларининг Фаластин бошқаруви ва раҳбариятини ўзгартиришга чақируви “Фаластиннинг ички ишларига аралашиш” сифатида баҳоланиши мумкин.
У “фаластинликлар уларга қанчалик босим ўтказилмасин, Ғазо ва Ғарбий Соҳилдаги ерларини ҳеч қачон тарк этмаслигини” тасдиқлади. Аббос “Исроил агрессияси оқибатида Ғазодаги барча ҳукумат бинолари ва инфратузилма объектларининг қарийб 70 фоизи вайрон бўлганини” эслатди. У секторда зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва анклав аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатишга чақирди.
Маълумот учун, BRICS бирлашмаси 2006 йилда ташкил этилган. Ҳозирда Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Миср ва Эфиопия унинг аъзоларидир.