Фаластин Бош вазири ҲАМАСни давлат яратишга жалб қилишга тайёр – “Bloomberg” 

Олам

image

Фаластин Бош вазири Муҳаммад Штайе Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусни ўз ичига олган мустақил Фаластин давлатини барпо этишда ҲАМАС ҳаракатини жалб қилиш мумкин, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у “Bloomberg” агентлигига маълум қилди.

"7 октябргача бўлган ҲАМАС бошқа, аммо ҳодисадан кейинги ҲАМАС бошқа. Агар улар (ҳаракат тарафдорлари) келишувга келса ва Фаластин Озодлик Ташкилотининг сиёсий платформасини қабул қилишга тайёр бўлса, демак, мулоқот учун имконият бор. Фаластинликлар бўлиниб кетмаслиги керак”, деган Бош вазир. 

Унинг фикрича, Исроилнинг ҲАМАСни мағлуб этиш мақсади реал эмас ва бу ҳаракат вакиллари Ғазодаги янги раҳбарият таркибига кириши керак. 

Шунингдек, Муҳаммад Штайе Фаластин маъмурияти АҚШ расмийлари билан можаро тугаганидан кейин Ғазо секторини бошқариш бўйича узоқ муддатли режани муҳокама қилаётганини билдирган.

“Bloomberg” маълумотларига кўра, томонлар Исроил Ғазо секторини қайта эгалламаслиги, ўз ҳудудида буфер зона яратмаслиги ёки фаластинликларни қувиб чиқармаслиги ҳақида келишиб олган.

"Биз Исроилнинг ҳарбий режасига амал қилмоқчи эмасмиз. Биз халқаро ҳамжамият билан биргаликда ишлаётган механизмни яратишимиз керак", дея таъкидлайди Фаластин Бош вазири. 

Унинг сўзларига кўра, аҳолига ёрдам бериш ва анклавдаги ҳаётни тиклаш учун катта саъй-ҳаракатлар талаб этилади.

Маълумот учун, Исроилнинг ҲАМАС билан уруши 7 октябрдан бери давом этмоқда. 22 ноябрь куни томонлар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олди ва бу келишув бир неча бор узайтирилди. 1 декабрь куни Исроил армияси Ғазода операцияни қайта бошлади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ғазо секторида Исроилнинг ҳужуми оқибатида қурбон бўлганлар сони 17 177 кишига етгани маълум қилинганди. Исроил тарафдан эса 1.4 минг киши ҳалок бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Фаластин ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг