Фахрий бўлган Иноятов, Тошкентнинг ёпилган кўчалари, ЕОИИга кирган Ўзбекистон – янгиликлар дайжести

Бу қизиқ

image
image

Жаҳон янгиликлари

АҚШ. Калифорния қирғоқлари яқинидаги Grand Princess круиз кемаси бортидаги 21 кишида коронавирус аниқланди. Бу ҳақда AҚШ вице-президенти Майк Пенс Вашингтонда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди. Кема бортида 54 та давлатдан бўлган 3533 нафар одам бор. Улардан 2422 нафари йўловчи, 1111 нафари эса экипаж аъзоси.

Саудия Арабистони. Қироллик ҳукумати мамлакатнинг аввалги валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Найиф ва қиролнинг укаси шаҳзода Aҳмадни хоинликда айблаб, ҳибсга олди.  “Wall Street Journal” газетаси манбасининг маълум қилишича, энди уларни ёки умрбод қамоқ жазоси кутади ёки қатл этиш.

Сурия. Кеча, 6 март куни мамлакат мухолиф кучлари Идлибдаги деэскалация зонасида аҳоли пунктларини олти марта ўққа тутди. Бу иш сулҳдан сўнг амалга оширилди. 6 март, соат 00:01 да олтита ҳужум қайд этилди. Қуролланган шахслар Ҳалаб провинциясининг Кафер-Ҳалол, Ҳербет-Жезрай аҳоли пунктларини ўққа тутди, дейилади хабарларда.

Туркия. Президент Ражаб Тойиб Эрдўған 9 март куни Брюсселга ташриф буюришни режалаштирмоқда. Ушбу ташриф Aнқара қочқинлар учун ЕИ билан чегараларни очишга қарор қилгани фонида амалга ошмоқда. Суриянинг Идлиб шаҳрида вазият ёмонлашгандан сўнг, Туркия энди муҳожирлар ва қочқинлар оқимини тўхтата олмаслигини билдирди ва Европа Иттифоқи билан чегараларини очди. Чегарани очилганидан сўнг, минглаб муҳожирлар Грецияга киришга ҳаракат қила бошлади.

Франция. Коронавирус тарқалиши бошлангандан бери, мамлакат шифохоналаридан 11 мингдан ортиқ тиббий ниқоб ва 1,4 минг шиша спиртли антисептиклар ўғирланган. Францияда юқори даражада фильтрлаши исботланган FFP2 туридаги ва жарроҳлик ниқобларига талаб катта. Айни дамда мамлакатда коронавирусга чалинган беморлар сони 600 кишига етди, 6 киши вафот этди.

Германия. Мамлакат канцлери Aнгела Меркель Украинанинг янги бош вазири Денис Шмигални лавозимига киришгани билан табриклаб, Германия ҳукуматини уни қўллаб-қувватлашини ваъда қилди. "Сўнгги йилларда тобора ривожланиб бораётган ҳамкорлик туфайли икки томонлама муносабатларимиз юқори даражага кўтарилди. Германия сизни ва ҳукуматингизни, айниқса, марказлаштириш, энергия самарадорлиги, коррупцияга қарши кураш ва адлия соҳаларида қўллаб-қувватлашда давом этади", дейилади Меркелнинг табрик телеграммасида.

Ўзбекистон хабарлари

Кеча, 6 март куни соат 23:00 дан 17 мартга қадар Темур Малик кўчасининг Дўрмон йўли кўчасидан Махтумқули ва Паркент кўчалари кесишмасигача бўлган қисми вақтинча ёпилди. Ушбу йўлда ҳаракат Яшнобод тумани Паркент,  Махтумқули ва Темур Малик кўчалари кесишмасида уч қаватли кўприк қурилиши ишлари кетаётгани сабабли тўхтатилган. Тузел мавзеси йўналиши бўйлаб янги қурилаётган кўприк чорраҳасига кириш йўли ҳам вақтинча ёпилади. Шу вақт оралиғида ушбу йўналиш бўйлаб ҳаракатланувчи транспорт воситалари айланма йўллар орқали юришлари мумкин бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида 6 март куни мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлиги юзасидан олиб борилган таҳлилий ва комплекс баҳолаш ишлари якуни бўйича тегишли хулоса ва таклифларни Олий Мажлис палаталарига киритиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликнинг Ўзбекистон миллий иқтисодиётига таъсирини комплекс ўрганиш натижасида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан амалга оширилиши зарур бўладиган чора-тадбирлар белгиланди ҳамда ЕОИИ билан кузатувчи-давлат мақомида ҳамкорлик қилиш таклифи маъқулланди.

Спорт хабарлари

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон теннис федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилиб, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки бошқарув раиси Алишер Кудратуллаевич Мирсоатов Ўзбекистон теннис федерациясининг янги раиси деб эълон қилинди. Бу лавозимда аввал фаолият юритиб келган Рустам Расулович Иноятов Ўзбекистон теннис федерациясининг фахрий президенти этиб сайланди.

Мутлақ жанг турнирининг (UFC) амалдаги чемпиони Ҳабиб Нурмуҳамедов анъанавий тикилиш дуэлида америкалик аралаш яккакураш жангчиси (ММA) Тони Фергусоннинг чемпионлик камарини тепиб юборди. Икки спортчи ўртасидаги жанг жорий йилнинг 18 апрель куни Нью-Йоркда бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

дайжест

Баҳолаганлар

302

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг