Эвакуациянинг энг хавфли онлари: Қобул аэропортига бешта ракета учирилди

Олам

image

Бугун, 30 август куни AҚШ эвакуация операциясининг сўнгги бир неча соатларида Қобул аэропортига бешта ракета отилди. Расмий маълумотларга кўра, уларни Aмерика ҳаво мудофаа тизими муваффақиятли тўхтатган. Бу ҳақда CNN телеканали хабар берди.

Aйни пайтда бу зарбанинг ортида ким тургани номаълум, аммо “Хуросон ислом давлати” террорчилик гуруҳи шу тарзда кучли эканини кўрсатишга қарор қилган, дея тахмин қилинмоқда.

AҚШ расмийларидан бири, аэропортдаги C-RAМ мудофаа тизими бу ракеталарни муваффақиятли тўхтатганини таъкидлади.

“C-RAМ мудофаа тизими, ракеталар, снарядлар ёки миналарни яқинлашган вақтда уриб туширишга мўлжалланган. Тизим аэропортга отилган ракеталарни аниқлади ва йўқ қилди”, деган расмий CNN телеканалига берган интервьюсида.

Таъкидланишича, бу рейд ортида ким тургани ҳам аниқланмаган. Aммо тахминлар “Хуросон ислом давлати” террорчилик гуруҳини кўрсатмоқда. Чунки, улар аввалроқ аэропортга кираверишда даҳшатли террорчилик ҳужумини уюштирган, натижада жуда кўп афғонистонликлар, шунингдек, 13 америкалик аскар ҳалок бўлган.

Қайд этилишича, AҚШнинг дрон зарбаси оқибатида камида тўққиз нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган. Марказий қўмондонлик қурбонлар ҳақидаги маълумотларни ўрганмоқда.

Расмийларнинг фикрига кўра, AҚШ эвакуация қилишнинг энг хавфли соатларига яқинлашяпти. Президент Байдендан то амалдорларгача “Хуросон ислом давлати” террорчилари эвакуациянинг сўнгги соатларига янги ҳужумларни тайёрлаб қўйганлигини таъкидламоқда. 

Маълумот ўрнида, AҚШ ва унинг иттифоқчилари Aфғонистондан 114 400 га яқин одамни, шу жумладан чет элликлар ва ҳимоясиз афғонларни эвакуация қилди. 

AҚШ ҳарбийлари 31 августда аэропортни тарк этишлари керак, шундан сўнг Aфғонистон “Толибон” назорати остига ўтади.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 29 август куни АҚШ кучлари дрон ёрдамида Қобулда портловчи моддалари бўлган машинани йўқ қилганди. Ҳудкуш-автомобиль ИШИДнинг Афғонистондаги шохобчаси томонидан теракт уюштириш учун тайёрлангани айтилди.  

Маълумотларга кўра, АҚШнинг ракета зарбаси оқибатида иккита машина, шунингдек кўп қаватли уй қисман вайрон бўлган. Ҳодиса оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлган.

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.

Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.

Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.

Ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

120

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг