Эстонияда мудофаа корхонасига ҳужум: Россия разведкаси айбланмоқда
World
−
08:50 2505 2 minutes
Эстонияда дронлар ишлаб чиқарувчи Threod Systems мудофаа корхонаси биносига ўт қўйишга уриниш бўлди. Эстония хавфсизлик полицияси ҳодисани Россия ҳарбий разведкаси мувофиқлаштирганини билдирди. Шу сабабли Эстония жорий йилнинг 1 декабридан Россия билан чегарадаги барча ўтказиш пунктларини ёпади. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса жорий йилнинг 14 ноябрига ўтар кечаси содир бўлган. Эстония хавфсизлик полицияси (KaPo) Латвия ҳудудида яшовчи саккиз кишини қўлга олган. Уларнинг фуқаролиги ҳақида маълумот берилмаган. Прокуратура қўлга олинганлардан беш нафарини қамоққа олишни сўраган.
Эстония хавфсизлик полицияси раҳбари Марго Паллоcоннинг маълум қилишича, разведка маълумотларига кўра, корхонага ўт қўйишга уриниш ортида Россия турган, ҳаракатлар эса Россия ҳарбий разведкаси (ГРУ) томонидан мувофиқлаштирилган.
Унинг сўзларига кўра, гумонланувчилар бино деразаларини синдириб, ичкарига ёнувчан суюқлик қуйиш ва портлаш уюштиришга уринган. Эстония Бош прокурори Астрид Аси корхонанинг ўз хавфсизлик хизмати аралашгани сабабли ўт қўйиш ҳаракати охирига етказилмаганини билдирган.
Эстония Ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна Россия ҳарбий разведкаси мамлакат компаниясига қарши қўпорувчилик уюштиришга буйруқ берганини тасдиқловчи ишончли далиллар борлигини айтган. Шу муносабат билан 1 декабрдан Россия билан чегарадаги барча ўтказиш пунктлари ёпилишини маълум қилган.
“Россия Эстонияга қарши душманона ҳаракатлар оқибатларга олиб келишини тушуниши керак. Бизни қўрқитиш, вазиятни беқарорлаштириш ёки хавфсизлигимизга путур етказишга уринишлар жавобсиз қолмайди”, деган вазир.
Ҳозирда Эстония ва Россия чегарасида учта ўтказиш пункти фаолият юритмоқда. Булар Ленинград вилоятидаги Ивангород ҳамда Псков вилоятидаги Куничина Гора ва Шумилкино пунктларидир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эстония элита қўшинларини Россия билан чегарага яқинроқ жойлаштириш ва юзага келиши мумкин бўлган ҳарбий можаро ҳолатида “фаол мудофаа”га тайёргарлик кўришга қарор қилган эди.
Live
All