Эртага Европа етакчилари Пригожин исёнини муҳокама қилади
Олам
−
28 Июнь 2023
6127Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарлари эртага, 29 июнь куни бўлиб ўтадиган саммитда Россияда исёнга уриниш атрофидаги вазиятни муҳокама қилади. Бу ҳақда бугун, 28 июнь куни Брюсселда ЕИ вакили журналистларга маълум қилди.
“Эртага бўлиб ўтадиган саммитнинг биринчи сессияси Украина масаласига, шунингдек, ўтган дам олиш кунларидаги воқеалардан кейинги Россиядаги вазиятга бағишланади”, деган у.
Шу билан бирга, дипломат бу масала ЕИ саммитининг расмий кун тартибига киритилмаганини, мос равишда якуний ҳужжатга ҳеч қандай эслатма қўшилмаслигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 26 июнь куни Люксембургда бўлиб ўтган Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари йиғилишининг ҳам марказий мавзуси Россиядаги исёнга уриниш оқибатлари бўлганди.
Пригожиннинг бир кунлик исёни
Жорий йилнинг 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олди. Пригожин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов “Вагнер”га топширилишини талаб қилиб, Москвага боришини эълон қилди. Бу орада Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса Пригожинга қарши жиноий иш қўзғатди. Кечга бориб Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россия Федерацияси Президенти билан келишилган ҳолда “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин билан музокара олиб боргани маълум бўлди. Музокаралар якунида Россия ҳудудида қуролли ҳаракатларни тўхтатиш ва кескинликни юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Пригожин ҳам Москвага кетаётган қўшинлари ортга қайтарилганини маълум қилди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15