Эртага Урсула фон дер Ляйен Киевга боради
Олам
−
08 Май 2023
4686Эртага, 9 май куни Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Украинани қўллаб-қувватлашини билдириш учун Киевга боради. Бу ҳақда бугун, 8 май куни ЕК матбуот хизмати раҳбари Эрик Мамер Брюсселдаги брифингда маълум қилди.
“Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен эртага Киевга боради. Европа кунида у Украинани тўлиқ қўллаб-қувватлашимизни билдиради”, деган Эрик Мамер.
Шунингдек, Мамер Президент Зеленский ва Украина халқига ЕИни бирлаштиришга қўшган ҳиссаси учун “Буюк Карл” мукофотини беришга қарор қилинганини айтган.
Мамернинг таъкидлашича, Киевдаги Еврокомиссия раҳбарининг асосий мақсади Европа Иттифоқининг Украинага қурол етказиб беришни давом эттириш ниятини тасдиқлаш бўлади.
Эътиборли жиҳати шундаки, Россия босқини бошлангандан бери Брюссель Европа сиёсатчиларининг Киевга ташрифлари ҳақида улар воқеа жойига келганидан кейингина хабар бериб келган. Бу ҳар доим уларнинг хавфсизлиги билан боғлиқ масала сифатида изоҳланган. Еврокомиссия нима учун бу сафар истисно қилинганлигини тушунтирмаган.
Маълумот учун, 9 май куни Европа Иттифоқида фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалаба эмас, балки Европа куни нишонланади. 1950 йил 9 майда Франция Ташқи ишлар вазири Роберт Шуман Европа кўмир ва пўлат ҳамжамиятини ташкил этиш тўғрисидаги декларацияни эълон қилган. Бу эса Европа интеграцияси жараёнини бошлаб берган.