Эртага Финляндия НАТОга аъзо бўлади

Олам

image

Эртага, 4 апрель куни Финляндия НАТОга аъзо давлатлар қаторига қўшилади. Бу ҳақда мамлакат Президенти идораси маълум қилди.

Ташкилотга яқин турли манбалар ҳам эртага, 4 апрель куни альянс мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Финляндия расман НАТОга аъзо бўлиши кутилаётганини билдирган.

Уларнинг ахборотига кўра, Брюсселда республикани НАТОга қабул қилиш учун жадаллаштирилган тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда, сўнгги зарур тафсилотлар аниқланмоқда. Яқин 24 соат ичида ҳаммаси муаммосиз кечса, эртага расмий маросим олдидан Финляндия байроғи НАТО штаб-квартираси олдида кўтарилиши мумкин.

Шунингдек, НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ҳам бу хабарларни тасдиқлаган.

Маълумот ўрнида, Финляндия НАТОга аъзо бўлиш учун 2022 йилнинг май ойида ариза топширган. Бироқ Туркия PYD/YPG ташкилотларини террорчи деб эълон қилишни, террорчиликда ёки 2016 йилда мамлакатдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этганликда айбланган шахсларни экстрадиция қилишни ва уларга қўйилган тақиқларни олиб ташлашни талаб қилиб, аъзолик жараёнига тўсқинлик қилишга уринган.

Эслатиб ўтамиз, орадан деярли 11 ой ўтиб, йилнинг 30 мартида Туркия парламенти Финляндиянинг альянсга аъзо бўлишини мақуллаган эди. 1 апрель куни эса Президент Эрдўған парламент қарорини тасдиқлаш тўғрисидаги қонунни имзолаган, бу орқали Туркия Финляндиянинг НАТОга аъзолигини маъқуллаган сўнгги давлат бўлган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Финляндия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг