Эртага Эрдўған ва Зеленский Туркияда учрашади

Олам

image

Туркия ва Украина Президентлари Ражаб Тойиб Эрдўған ва Владимир Зеленский эртага, 18 февраль куни Украинадаги вазиятни муҳокама қилади. Бу ҳақда бугун, 17 февраль куни Туркия Президенти маъмуриятининг алоқа бўлими раҳбари Фаҳреттин Альтун Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, музокаралар Туркия томони ташаббуси билан Владимир Зеленскийнинг Туркияга ташрифи доирасида бўлиб ўтади.

“18 февраль, сешанба куни Президент Ражаб Тойиб Эрдўған президентлик саройида унинг таклифига биноан мамлакатга расмий ташриф билан келадиган Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашади”, дея ёзган Альтун.

Унинг қўшимча қилишича, икки давлат раҳбарлари ҳамкорлик ва икки томонлама алоқаларни яхшилаш йўллари, Украинадаги сўнгги воқеалар, минтақавий ва глобал муаммоларни муҳокама қилади. 

Томонлар, шунингдек, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган қадамларни белгилаши кутилмоқда.

“Учрашувларда Туркия-Украина стратегик шериклик муносабатларининг барча жиҳатлари кўриб чиқилади ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун ташланиши керак бўлган қадамлар муҳокама қилинади”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Украина Президенти кеча, 16 февраль куни расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларига борганди.

Эслатиб ўтамиз, эртага, 18 февраль куни Саудия Арабистонида АҚШ ва Россия вакилларининг Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокаралари бўлиб ўтиши режалаштирилгани ҳақида хабар берилганди. Зеленский ҳам 18 февраль куни Саудия Арабистонига расмий ташриф билан бориши, бироқ бунинг АҚШ ва Россия вакиллари даражасида содир бўлаётган воқеаларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтганди. У, шунингдек, Украина Саудия Арабистонидаги музокараларда қатнашмаслиги ва у ерда эришилган низоларни ҳал қилиш бўйича ҳеч қандай келишувни тан олмаслигини ҳам билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Владимир Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг