Эроннинг янги Президенти ким?
Таҳлил
−
06 Июль
28280Эрондаги навбатдан ташқари президентлик сайловларида ислоҳотчилар қаноти номзоди Масъуд Пезешкиён ғалаба қозонди. Иккинчи турда парламент аъзоси ва собиқ соғлиқни сақлаш вазири ўзининг консерватив рақиби, Ислом Республикаси Олий раҳбарининг Миллий хавфсизлик Олий Кенгашидаги вакили Саид Жалилийдан деярли 3 миллион овоз билан ўзиб кетди.
Хўш, келгуси тўрт йил давомида Эронда ижроия ҳокимияти раҳбари бўладиган Президентнинг ўзи ким?
Келиб чиқиши
Масъуд Пезешкиён 1954 йилда Эрондаги Ғарбий Озарбайжон вилоятининг маъмурий маркази Меҳобод шаҳрида истиқомат қилувчи этник жиҳатдан аралаш оилада туғилган. Отаси озарбайжон, онаси курд. Сайловнинг биринчи босқичида Пезешкиён этник озчиликлар яшайдиган ҳудудларда, шунингдек, пойтахт вилоятида кўпчилик овозларни қўлга киритди. Консерватив Жалилий мамлакатнинг асосан этник форслар яшайдиган марказий ҳудудларида кучлироқ овоз олди.
Профессионал таълим
Вояга етганидан сўнг, Пезешкиён ҳарбий хизматга чақирилди ва у Систон ва Балужистон вилоятининг энг қашшоқ шаҳарларидан бири бўлган Заболда бўлиб ўтди. Хизматни тугатиб, она вилоятига қайтиб, 1976 йилда Табриз тиббиёт фанлари университетига ўқишга киради.
Эрон-Ироқ уруши пайтида у ҳарбий шифокор бўлиб хизмат қилган. Пезешкиён, Эрон матбуотига кўра, кўп вақтини фронт чизиғида ўтказган, у ерда тиббий гуруҳларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштирган, шунингдек, жангларда бевосита иштирок этган. Фронтда хизмат қилгандан сўнг Табризда умумий хирургия йўналиши бўйича ўқишни давом эттирди ва фақат 1985 йилда илмий даражасини олди. Кейинчалик у кардиожарроҳ бўлди, 1993 йилда Эрон Тиббиёт фанлари университетида малака оширди.
Пезешкиённинг биринчи маъмурий иши Табриз тиббиёт фанлари университети ректори бўлиб, у 1994-1999 йилларда олийгоҳга раҳбарлик қилган. Пезешкиённинг ректор лавозимига тайинланиши шахсий фожиага тўғри келди – 1994 йилда унинг рафиқаси ва саккиз ёшли ўғли автоҳалокатда вафот этди. У бошқа турмуш қурмади, икки ўғли ва қизини ёлғиз тарбиялади. Эрон жамиятида Пезешкиён таржимаи ҳолидаги кўпчиликда ҳамдардлик туйғусини уйғотадиган бу факт унинг сиёсий профилининг муҳим таркибий қисми сифатида қабул қилинади.
Сиёсатга йўл
Пезешкиённинг сиёсий фаолияти 1997 йилда президент Муҳаммад Хотамий ҳукуматига соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари сифатида қўшилиши билан бошланган. Кейинчалик у Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди ва бу лавозимда 2001 йилдан 2005 йилгача ишлади. Пезешкиён беш марта Эрон парламентига Табриз шаҳри вакили этиб сайланган. У илк мандатини 2008 йилда олган, 2016 йилдан 2020 йилгача спикер ўринбосари лавозимида ишлаган.
Парламентда Пезешкиён ўзини мустақил сиёсатчи сифатида кўрсатди ва сайлов блокларидан узоқлашди. Бироқ сайловолди ташвиқоти давомида у ушбу сиёсий ҳаракат етакчилари – собиқ президентлар Ҳасан Руҳоний ва Муҳаммад Хотамий, собиқ ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф, шунингдек, ислоҳотчи партия ва ҳаракатлар етакчиларининг қўллаб-қувватлаши туфайли ўзини ислоҳотчилар билан боғлади.
Пезешкиён икки марта президентлик сайловларида қатнашиш учун ҳужжатлар топширган. 2013 йилда у ислоҳотчи Али Акбар Ҳошими Рафсанжонийни қўллаб, ўз номзодини қайтариб олди. 2021 йилда Конституция қўриқчилари кенгаши Пезешкиён ва бошқа таниқли ислоҳотчиларнинг сайловларда иштирок этишига рухсат бермади.
Зўравонликни қоралашдан тортинмаган сиёсатчи
Пезешкиённинг биринчи резонансли баёнотларидан бири унинг 2009 йилдаги оммавий норозилик намойишлари фонида парламентдаги нутқи ҳисобланади. Ўшанда Маҳмуд Аҳмадинажод ғалаба қозонган президентлик сайловлари натижалари эълон қилингач, ислоҳотчилар қанотидан номзод Мир Ҳусайн Мусавийнинг минглаб тарафдорлари кўчага чиқди. Намойишлар тартибсизликларга айланиб, тез ва шафқатсизларча бостирилди. Пезешкиён ҳукуматнинг намойишчиларга нисбатан ҳаракатларини танқид қилиб, парламентдаги консерваторларнинг норозилигига сабаб бўлди ва улар унинг гапини тўхтатишга уринди.
Пезешкиён 2022 йилги норозилик намойишларига Маҳса Амини ўлими сабаб худди шундай жавоб берди. Ҳижоб қоидаларини бузганликда айбланиб, ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган қиз вафот этди. Аминининг ўлимидан сўнг, бутун мамлакат бўйлаб оммавий норозилик тўлқини тарқалди, унинг давомида беш юздан ортиқ одам, жумладан ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳалок бўлди. Эрон хавфсизлик кучлари ўн минглаб намойишчиларни ҳибсга олди, уларнинг кўпчилиги тартибсизликлар ва бошқа оғир жиноятларда айбланган.
Пезешкиён эса Амини полиция ҳибсхонасида юрак хуружидан вафот этгани ҳақидаги расмий версияни шубҳа остига олди ва унинг ўлими сабабларини ишончли ва шаффоф тергов қилишга чақирди. Бироқ норозилик авжига чиққан пайтда у уларнинг иштирокчиларини “миллий беқарорликка олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан” огоҳлантирди.
Ҳокимиятнинг вақти-вақти билан танқид қилинишига қарамай, сайланган президент Эроннинг руҳий етакчиси ва етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаийга содиқ қолади. Эрон сиёсий тизимида президент амалда бош вазир функцияларини бажарадиган иккинчи шахс бўлиб, ислом республикаси ривожланишининг асосий йўналишларини олий раҳбар белгилайди. Шу муносабат билан таҳлилчилар янги президент сайланганидан кейин Эроннинг ички ёки ташқи сиёсатида туб ўзгаришлар бўлишини кутмайди.
Ядровий келишувга муносабат
Пезешкиён 2015 йилда Эрон ва бир гуруҳ давлатлар, жумладан, Буюк Британия, АҚШ, Россия, Франция, Хитой ва Германия томонидан имзоланган Эроннинг ядровий дастури бўйича Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини (JCPOA) қайта тиклаш тарафдори. Бу келишув 2004 йилда Ғарб давлатлари Эронни ядровий қурол ишлаб чиқаётганликда айблаган ва бунинг натижасида исломий республикага қарши санкциялар жорий қилинган ва мамлакат халқаро миқёсда яккаланиб қолган инқирозга якун ясаган эди. АҚШнинг аввалги президенти Дональд Трамп 2018 йилда мамлакатини шартномадан чиқаришга қарор қилган эди.
"Асосий савол – бу дунё билан боғлиқ муаммоларимизни ҳал қилишни хоҳлаймизми ёки йўқми, менимча, биз мамлакат муаммоларини ҳал қилиш учун боши берк кўчадан чиқишимиз керак", деган Пезешкиён сайловолди чиқишларидан бирида.
Ядровий келишувнинг қайта тикланиши контекстида Пезешкиён Ғарб давлатлари билан мулоқот зарурлиги ҳақида гапириб, Ислом республикасининг халқаро яккаланишини енгиб ўтишга ваъда берган. Айрим таҳлилчиларнинг эътироф этишича, сайланган президентнинг ислоҳотчилар лагерига аъзолиги ва унинг бенуқсон обрўси Эрон ва Ғарб ўртасидаги муносабатларнинг ривожланишига ҳисса қўшиши мумкин.
Бундан ташқари, 2015 йилги ядровий келишув бўйича ишларни назорат қилган собиқ ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Президент Пезешкиённинг асосий иттифоқчиларидан бири саналади. Агар Зариф иттифоқчиси Президент этиб сайланганидан кейин ички сиёсий жараёнларга таъсир ўтказа олса, JCPOA’ни тиклаш тарафдорлари катта устунликка эга бўлади.
Президент сайловлари
Охирги сайловларда Пезешкиён ислоҳотчилардан ягона номзод бўлди. Ислом Республикасида учта шартли сиёсий лагер мавжуд: консерваторлар, мўътадиллар ва ислоҳотчилар. Иккинчиси бошқарув тизимини ўзгартириш ва республика институтларининг ролини кучайтириш тарафдори. Шу билан бирга, барча оқимлар вакиллари республика давлат тузумини, жумладан, исломни мамлакатнинг расмий дини сифатида мустаҳкамлашни зарур деб ҳисоблайдилар.
28 июнь куни бўлиб ўтган сайловнинг биринчи босқичида ғолиб аниқланмади, чунки президентлик пойгаси иштирокчиларидан ҳеч бири 50 фоиздан кўпроқ овоз ололмади. Унда Пезешкиёндан ташқари Олий раҳбарнинг Миллий хавфсизлик олий кенгашидаги вакили Саид Жалилий, парламент спикери Муҳаммад Бағир Ғолибаф, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлигининг собиқ раҳбари Мустафо Пурмуҳаммадий иштирок этди. Уларнинг учаласи ҳам сайловларда консерватив лагер вакили эди.
Пезешкиён ва Жалилий йирик ҳисобда иккинчи босқичга йўл олди. Собиқ соғлиқни сақлаш вазири 44 фоизга яқин, Хавфсизлик кенгаши аъзоси эса 40 фоиз овоз олди. Президентлик пойгасидан чиқиб кетганлар Ғолибаф ва Пурмуҳаммадийлар бўлди - мос равишда 14% ва 0,8%. Иккинчи тур натижаларига кўра, Пезешкиён 53,6 фоиз, унинг рақиби эса 44,3 фоиз овоз олган. Иккинчи турда сайловчиларнинг 49,8 фоизи иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, Эронда Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисий вафотидан кейин муддатидан олдин сайловлар ўтказилиши эълон қилинганди. Президент ва ташқи ишлар вазири дохил саккиз киши бўлган вертолёт 19 май куни кечқурун Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида ҳалокатга учраган. Йўловчилар ва экипаж аъзоларининг ҳеч бири ҳалокатдан омон қолмаган.
LiveБарчаси