Эроннинг бир нечта шаҳрида портлашлар содир бўлди
Олам
−
31 Январь 16240 2 дақиқа
Эроннинг учта шаҳрида портлаш содир бўлди, оқибатда камида 5 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Fars” хабар берди.
Маълум қилинишича, Эрон жанубидаги Форс кўрфази соҳилида жойлашган Бандар-Аббос шаҳрида турар жой мажмуасида портлаш юз берган. Хормозгон вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, 14 киши жароҳатланган, тўрт ёшли қизалоқ эса ҳалок бўлган. Ҳодисанинг аниқ сабаби ҳозирча тергов қилинмоқда.
Маълумотларга кўра, портлаш Моаллем булвари атрофидаги саккиз қаватли бинода содир бўлган. Бинонинг биринчи уч қавати жиддий зарар кўрган, юқори қаватлар ва қўшни уйларнинг дераза ойналари синиб кетган. Хормозгон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбари зарар кўрган бинодаги барча аҳоли эвакуация қилинганини маълум қилган.
Аҳвоз шаҳрида эса газ портлаши оқибатида яна тўрт киши ҳалок бўлган. ОАВ хабарига кўра, шаҳар ёнғин ва хавфсизлик хизмати раҳбари портлаш Киеншеҳр туманидаги тўрт хонадонли турар жой биносида содир бўлганини билдирган. Кейинчалик агентлик қурбонлар сони беш кишига етганини аниқлаштирган.
Бундан ташқари, Кирмоншоҳ вилоятидаги Қаср-э-Ширин шаҳрида ҳам портлашга ўхшаш овозлар эшитилган. Маҳаллий ҳокимият бу ҳолатни ҳарбий машғулотлар билан изоҳлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён АҚШ, Исроил ва Европа етакчиларини мамлакатдаги иқтисодий муаммолардан фойдаланиб, норозилик намойишларини қўзғатишда айблаганди. Унинг сўзларига кўра, ташқи кучлар Эрон жамиятини парчалаш мақсадида намойишчиларга турли воситалар тақдим этган.