Эронлик футболчилар хоинликда айбланди (видео)

Спорт

image

Эрон давлат телевидениеси янгиликлар бошловчиси Муҳаммад Ризо Шаҳбозий мамлакат аёллар футбол терма жамоасини Осиё кубоги ўйинидан олдин давлат мадҳиясини куйламагани учун “хиёнат”да айблади. Бу ҳақда “Thairath” нашри хабар берди.

Жорий йилнинг 2 март куни Эрон аёллар терма жамоаси футболчилари Осиё кубоги доирасидаги ўйинда Жанубий Кореяга 0:3 ҳисобида мағлуб бўлишдан олдин давлат мадҳиясини куйлашдан бош тортган эди. Шундан сўнг телебошловчи Шаҳбозий уларни кескин танқид қилиб, “хоинлар” деб атаган.

Мазкур воқеа Али Хоманаийнинг ўлими ҳақидаги хабарлар тарқалганидан атиги 48 соат ўтиб содир бўлгани сабабли мамлакатда янада катта резонанс уйғотган.

Кейинги ўйинда эса Эрон футболчилари Австралияга қарши баҳс олдидан давлат мадҳиясини баланд овозда куйлаб, ҳарбий услубда салом беришди. Учрашувда эронликлар 0:4 ҳисобида мағлуб бўлишди.

Ҳодисадан сўнг Шаҳбозий X платформасида видео эълон қилиб, уруш даврида мадҳияни куйламаганларни кескин қоралади.

“Уруш давридаги хоинларга нисбатан қаттиқроқ чоралар кўриш керак. Давлат мадҳиясини куйламасдан майдонга тушиш энг шармандали ва ватанпарварликка зид ҳаракатдир. Жамоатчилик ҳам, амалдорлар ҳам бундай шахсларга уруш давридаги хоинлар сифатида муносабатда бўлиши керак”,  дейди у.

Шунингдек, у бундай футболчилар “уят ва хиёнат тамғаси билан эсда қолиши керак”лигини таъкидлаган.

Маҳаллий манбаларга кўра, эронлик футболчилар ҳозирча оммавий ахборот воситаларига интервью беришдан бош тортмоқда. Улар ўйинлар ҳақидаги мажбурий изоҳлардан ташқари бошқа саволларга жавоб бермаяпти. Шунингдек, мамлакатда интернетга чекловлар жорий этилгани сабабли айрим футболчилар оилалари билан ҳам боғлана олмаётгани айтилмоқда.

Эрон турнирнинг сўнги турида Филиппинга 0:2 ҳисобида ютқазди ва мусобақани тарк этди. 

Турнир ташкилотчилари эса футболчилар хавфсизлигини таъминлаш масаласида Австралия Ички ишлар вазирлиги билан музокаралар олиб бораётгани маълум қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Осиё кубоги Али Хоманаий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг