Эронга қарши операция АҚШга 100 млрд долларга тушди – Ароқчи

Олам

image

Қўшма Штатлар Эронга берилган зарбалар учун тахминан 100 миллиард доллар сарфлаган, Америка халқи учун билвосита харажатлар эса бундан ҳам кўпроқ. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.

“Пентагон ёлғон гапиряпти. Нетаньяхунинг саргузашти Америкага аллақачон 100 миллиард долларга тушди, бу эълон қилинган суммадан тўрт баравар кўп демакдир. Америкалик солиқ тўловчилар учун билвосита харажатлар анча юқори. Ҳар бир америкалик оила учун ойлик ҳисоб-китоб 500 долларни ташкил этмоқда ва бу кўрсаткич тез суръатлар билан ўсяпти”, дейди Ароқчи. 

Вазир “Аввал Исроил” тамойили “Америка охирги навбатда” деганини англатишини ҳам қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Мудофаа вазирининг молия бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Жулс Херст Қўшма Штатлар Эронга қарши ҳарбий операция учун тахминан 25 миллиард доллар сарфлаганини маълум қилган эди. У бу рақамлар дастлабки баҳолар эканлигини билдирган.

АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эронга қарши уруш бошлаганди. 7 апрель куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Ислом Республикаси билан икки ҳафталик ўзаро ўт очишни тўхтатиш режимини эълон қилди. Эрон томони маълумотларига кўра, 40 кунлик уруш давомида Америка-Исроил зарбалари оқибатида 3 375 нафар Эрон фуқароси ҳалок бўлган. 11 апрель куни Теҳрон ва Вашингтон Исломободда музокаралар ўтказди, бироқ томонлар қатор зиддиятлар туфайли низони узоқ муддатли тартибга солиш бўйича келишувга эриша олмади. 21 апрель куни Трамп Эрон билан ўт очишни тўхтатиш режимини узайтириш ниятида эканлигини билдирди. Эрон давлат телевидениеси хабарига кўра, Теҳрон Вашингтон томонидан бир томонлама эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш режимини узайтиришни тан олмоқчи эмас ва ўз манфаатларидан келиб чиқиб иш тутади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Аббос Ароқчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг